Ўтган йил декабрида Дубайда ҳибсга олинган ва жорий йил 8 январь куни Тошкентга экстрадиция қилинган “цемент қироли” номи билан танилган Улуғбек Шодмонов ўтган ҳафта ҳибсдан чиқди.
Ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаларининг билдиришича, суд Шодмоновни чегарани ноқонуний кесиб ўтиш моддаси бўйича айблаб, унга 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.
Тошкентдаги норасмий “офис” билан боғлиқ Озодлик суриштирувларида номи ўртага чиққан Шодмонов Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг эндиликда собиқ ўринбосари Отабек Умаров атрофидаги муҳим шахс бўлган деб ишонилади.
"Цемент қироли" озодликка чиқди
Тошкентдаги тергов ҳибсхонасида қарийб 8,5 ой ўтирган Улуғбек Шодмонов бир неча кун аввал ҳибсдан чиққанини Озодликка ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил манбалар тасдиқлади.
Бироқ расмий идоралар ҳозирча Шодмонов устидан чиқарилган ҳукм ҳақида бирор маълумот бергани йўқ. Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг Дубайда ҳибсга олингани ва сўроқ қилинаётганини ҳам расман ҳеч қачон тасдиқламаган.
Озодлик Шодмоновнинг АҚШдаги адвокатларига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.
Манбалардан бири Шодмоновни 14 сентябрь куни Тошкентдаги “Benedict” кафесида кўрганини айтди.
Шодмонов халқ орасида “Гвардейский” деб аталадиган Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг Тошкентдаги тергов ҳибсхонасида сақланган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, Шодмонов устидан суд жараёни одатий тартибда эмас, балки “Гвардейский” ҳибсхонасининг ўзида ўтган:
“Судяни “Гвардейский”га олиб келишди. Суд бир кунда, ҳатто бир соат ичида якунланди. Суд унга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Ҳукм эълон қилиниши билан Шодмонов дарҳол озод қилинди”.
Айблов нима?
Манбаларга кўра, суд Шодмоновни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топган.
Жиноят кодексининг 223-моддаси яъни “Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш” моддасида жарима ёки озодликни чеклаш жазоси кўзда тутилган.
“Юмшатилган жазо варианти” сифатида талқин қилинадагн озодликни чеклаш жазоси ишлаш ва кўча-куйда ҳаракатланишни бутунлай чекламайди. Фақат кечаси маълум вақтдан кейин уйидан чиқмаслик мажбурияти ёки бошқа формал чекловлар қўлланиши мумкин.
Тергов жараёнларидан хабардор манбалар иддаосича, Шодмоновга дастлаб Ўзбекистон жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича айблов қўйилган, аммо суд охирида фақат 223-моддани қолдирган:
“Шодмонов бир қанча иқтисодий жиноятларда гумонланган эди. У давлатга 200 миллиард сўм зарар етказганликда ҳам айбланган. Цемент заводларидаги талон-тарожлик билан боғлиқ даъволар ҳам бор эди. Аммо иқтисодий айбловлар судга олиб чиқилмади. Чунки ипнинг бир учи катта одамларга бориб тақалган. Агар Шодмоновни иқтисодий жиноятларда айблашса, кўпчиликнинг боши кетиши аниқ эди. Шу боис қозонни ёпиқлигича қолдиришди”.
Манбаларнинг ушбу иддаоси ҳақида Озодликда бирор расмий ҳужжат мавжуд эмас. Расмий идоралар Шодмоновнинг экстрадицияси ёки унинг ҳибс мотивлари ҳақида бирон изоҳ бермаган.
Бироқ жорий йил январида Шодмоновнинг Ўзбекистонга судсиз экстрадиция қилингани ҳақида хабар берган фуқаролик ва жиноий судлов бўйича экспертлар ҳам дастлаб Шодмоновга иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ айбловлар қўйилганини айтишган эди.
Адвокатлар давлатни "одам ўғирлаш”да айблади
Озодлик Шодмоновнинг Дубайда қўлга олиниши ҳақида олдинги дастурларида маълумот берган. Ўша пайтда Шодмоновнинг америкалик адвокатлари унинг Дубайда ҳибсга олинганини қатъиян рад этишган эди, бироқ 10 сентябрь куни улар ўша ҳибс воқеасини тасдиқлаб, тафсилотларни АҚШдаги русий забон аудитория учун мўлжалланган RTVI US каналига берган интервьюда очиқлашди.
“Марк билан мен Дубайга бориб, жаноб Шодмонов билан унинг шахсий вилласида учрашдик. Бир пайт 20- 30 нафар формали одамлар виллага бостириб киришди, ҳаммани юзтубан ерга ётқизишди. Биз ҳам қуроллар ўқталган ҳолда ерга ётқизилдик. Деярли бошимизнинг устида 20–30 дақиқа давомида қуроллар бўғзимизга ўқталган ҳолда турди. Аввалига виллани остин-устин қилишди, кейин жаноб Шодмоновни «ҳибсга олишди». Лекин бу ерда «ҳибс» сўзи унчалик тўғри келмайди, чунки уни шунчаки внедорожникка тиқиб, номаълум томонга олиб кетишди”, дейди Omnistrat Group раҳбари Евгений Гуревич.
Шодмонов ҳибсдан озод қилиниши арафасида ўтган ушбу интервьюда адвокат Роберт Амстердам ҳодисани “давлат томонидан амалга оширилган одам ўғирлаш” деб атаган:
“Жаноб Шодмоновга ёрдам бериш учун биз БМТнинг Ноқонуний ҳибс бўйича ишчи гуруҳи билан ҳамкорлик қиламиз. Ўзбекистонда бўлаётган нарса — бу жиноят, давлат томонидан содир этилаётган криминал. Шодмонов ҳеч бир исбот-далилсиз, ноқонуний тарзда узоқ муддатга ушлаб турилган”.
Суиқасд фонидаги экстрадиция
Шодмоновнинг Дубайда ушланиб, Тошкентга экстрадиция қилиниши президент маъмурияти собиқ мулозими Комил Алламжоновга қарши суиқасд уриниши юзасидан тергов фонида юз берган эди.
Шодмонов ҳимоясига эълон қилинган мақолада ҳам унинг Комил Алламжоновга суиқасд доирасидаги жиноят ишига жалб этилиши эҳтимолидан хавотир билдирилган.
Бироқ Шодмоновга оид Тошкентдаги маҳкамага бу иш бўйича ҳеч қандай айблов олиб чиқилмаган.
Айни пайтда ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар Шодмоновдан ушбу иш бўйича кўрсатма олинганини иддао қилишди.
“Шодмонов Алламжоновга суиқасдда гумонланганларнинг жуда кўпчилиги билан яқин бўлган. Шу боис ундан бу иш доирасида кўрсатма олинган. Жумладан, Шуҳрат Расулов ва Жавлон Юнусовлар билан алоқаси бўлган. Бироқ тергов ҳужжатлари маҳфийлаштирилгани боис Шодмоновнинг кўрсатмалари борасида аниқ маълумот мавжуд эмас”, дейди ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба.
Манба тилга олган ушбу икки киши дохил 10 нафар шахс Алламжоновга суиқасд уринишида айбланиб, узоқ йилларга қамалган.
Ҳарбий суд узоқ муддатларга қамаган бу шахслар Озодлик суриштирувларида Тошкентдаги қудратли норасмий “Офис”га алоқадор эканини ўртага чиқарган.
Айрим кӯрсатмаларга кӯра, Шодмонов, суиқасд юзасидан сӯроқ қилинган Наталья Фен билан дӯст бӯлган. Фен суиқасд юзасидан қамалган асосий ижрочи Жавлон Юнусовнинг фуқаровий хотини экани айтилади. Айни пайтда Фен президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева билан яқин дугона бўлиб, узоқ йиллар давомида унинг офисида ишлаб келган ва Шаҳнозанинг эри Отабек Умаровга ҳам энг яқин шахслардан саналади.
Наталья Фен суиқасдга оид иш бўйича ўтган йилнинг 20 ноябрида ҳибсга олиниб, 5 кундан сўнг озод қилингани айтилган эди.
"Офис"га алоқадорлик иддаолари
Манбалар Шодмоновнинг ҳам норасмий “Офис” раҳбарларидан бири бўлганини иддао қилишади.
Озодлик ихтиёрида Улуғбек Шодмоновни норасмий “офис”га тўғридан- тўғри боғловчи ҳужжат мавжуд эмас.
Аммо “Офис”дан жабр кўрганини иддао қилган йирик тадбиркорларнинг кўрсатмаларида Шодмонов исми келтирилган.
Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Ўзбекистон Бош прокуратурасига шикоят аризаси топширган Арманистон ватандоши бўлган тадбиркор Овик Мкртчян Улуғбек Шодмонов унинг ноқонуний ҳибсга олингани ва ҳатто қийноқ қўлланишига алоқадорлигини иддао қилган.
Мкртчяннинг президент Мирзиёевга видео мурожаатида ҳам бу иддао мавжуд:
“2024 йил 17 январда мени ДХХ ходимлари ҳибсга олишди. Қилмаган жиноятларимга иқрор бўлишим учун 85 кун мобайнида менга босим қилинди, қийноқлар қўлланди, мени ва бутун оила аъзоларимни Интерпол қидирувига беришди… Ҳибсга олинишимнинг асл сабаби шуки, 2023 йил бошларида Улуғбек Шодмонов деган кимса менга таниш бўлган Станислав Цацкин орқали мендан маслаҳат кенгашим аъзолари – жаноб Майк Помпео ҳамда Том Шеннон АҚШ маъмурияти тарафидан Ўзбекистон бошқарувидаги икки юқори мартабали мулозим – Ли Дмитрий Романович ва Алламжонов Комил Исмаиловичга босим ўтказиб, кейинчалик уларнинг санкциялар рўйхатига киритилишини талаб қилди. Шу мақсадда менга Ли Дмитрий Романовичнинг йўналиш варақалари ҳамда Алламжонов Комил Исмаиловичнинг паспорти нусхаси берилди. Мен бу талабни бажаришдан бош тортдим.
Шундай сунг, 3 млрд доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиш назарда тутилган лойиҳалар тўхтаб қолди. Маълум бўлишича, аввалроқ, сентябр-октябр ойларида тадбиркор Станислав Цацкин, Тумасов Камога “бу лойиҳалар ҳеч қачон амалга ошмайди, чунки Шодмонов Улуғбек уларни йўқ қилади” деб айтган экан.
Ҳозирги жиноят иши тўлиқ сохталаштирилган деб ҳисоблайман ва бунда ДХХнинг икки ходими – Абдумажидов Аброр (иккинчи исми Гончар) ва Тимур Шорихсиевларнинг қўли бор”.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳозирга қадар Мкртчяннинг даъво аризаси юзасидан расмий изоҳ бермаган. Унинг видеодаги иддаолари юзасидан бирон суриштирув бошлангани Озодликка маълум эмас.
Ўзбекистон расмийлари манбалар Отабек Умаровга боғлаган “Офис” га оид иддаоларни бирор кўринишда шарҳламаган.
Айни пайтда Умаровнинг ўз адвокатлари орқали Озодликка қатъиян билдиришича, унинг “Офис” деб номланган структурага ҳеч қандай алоқаси йўқ.
"Цемент қироли" ҳақида нима маълум?
Улуғбек Миррустамович Шодмонов 1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти раисининг собиқ биринчи ўринбосари Миррустам Шодмоновнинг ўғли.
Афтидан, Улуғбек Шодмонов катта мулозимнинг ўғли сифатида тадбиркорлик фаолиятини эрта ёшларда бошлаган.
У қарийб 100 фоизлик улушга эга "PARMA-SERVIS" MAS'ULIYATI CHEKLANGAN JAMIYATI ташкил қилинган пайт унинг ёши атиги 14 ёшда бўлган. Ушбу фирмада у таъсисчи сифатида қайд қилинган.
Улуғбек Шодмонов Тошкент давлат Иқтисодиёт университетининг Банк иши факультетини битирган.
Унинг банк соҳасида ишлаган, ишламагани Озодликка маълум эмас. Лекин у тадбиркорлик билан кенг шуғуллангани маълум. Ҳозирда очиқ реестрда Улуғбек Шодмонов ва унинг қариндошларига тегишли ўнлаб фирмаларни топиш мумкин.
“Тошкент ҳақиқати” газетасининг 2001 йил 20 октябрдаги сонида Улуғбекнинг отаси Миррустам Шодмоновнинг Ўзбекистонда цемент бизнесини ривожлантириш учун хорижлик шериклар иштироки муҳимлиги ҳақидаги гаплари келтирилган.
Орадан 6 йил ўтиб, унинг ўғли Улуғбек Шодмонов Кипрда рўйхатдан ўтган United Cement Group компаниясига асос солади. Ўша пайтда Улуғбек 20 ёшда бўлган.
Реестрдаги маълумотларга кўра, Улуғбек Шодмонов 100 фоиз улушларига эгалик қиладиган UCG ёки United Cement Group, экспертлар фикрича, оффшор компаниялардан саналади.
UCG нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги цемент ишлаб чиқарувчи энг йирик ширкат ҳисобланади.
Тошкент ва Олмаотада бош офисларига эга ширкат минтақадаги 6 та йирик заводга эгалик қилади ва UCG йилига 10 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга.
Бироқ Шодмонов ҳибсга олинганидан 5 ой ўтиб, UCG ширкатига тегишли “Кварц” заводи давлат ихтиёрига қайтарилган. Шунингдек, UCGга қарашли “Қувасойцемент” заводининг ҳам эгаси алмашгани айтилди.
Ҳозирча Шодмоновнинг цемент империясидаги ўзгаришларга оид тафсилотлар Озодликда мавжуд эмас. Шодмоновнинг АҚШдаги адвокатларига бу борада сўров жўнатилган.
Озодлик томонлар, жумладан, Улуғбек Шодмонов ва адвокатларининг изоҳларига очиқ.
UCG га қарши даъволар
UCG 2021 йили Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводларидан бири «Қизилқумцемент»ни сотиб олган. АҚШ конгрессмени Уэсли Хант UCG Ўзбекистонда ютган ўша тендерни шаффоф эмас, дея танқид қилган.
"2022 йил бошида Кипрда рўйхатдан ўтган, аммо Ўзбекистон ва Россияда фаолият юритувчи UCG Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги энг йирик цемент заводларидан биридаги улушини "шаффоф" деб номланган битим асосида сотиб олди. Аммо бу "шаффоф" битимнинг расмий тендерсиз ва сезиларли чегирма билан амалга оширилгани айниқса шубҳали. Бунинг натижасида UCG компанияси Ўзбекистондаги цемент ишлаб чиқариш қувватларининг қарийб 50 фоизини назорат пакетига эга бўлди. Биз хусусийлаштириш ниқоби остида Россия фойдасига монополлашув гувоҳи бўлмоқдамиз,"деган америкалик конгрессмен.
Конгрессмен UCG компаниясини АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини бузганликда айблади ва АҚШ Молия вазирлигидан бу борада алоҳида текширув ўтказишни сўради.
Украинанинг "Миротворец" тадқиқот маркази ҳам UCG компаниясини Россия билан ҳамкорликда айблаб, компания эгаси Улуғбек Шодмоновга қарши санкциялар киритишга чақирди.
Бироқ, Улуғбек Шодмоновнинг америкалик адвокати ўз мижози компанияси яхши обрўга эга эканлигини таъкидлайди.
Улуғбек Шодмоновнинг номи бутун дунё бўйлаб юзлаб юқори мартабали сиёсий ва ишбилармон шахсларнинг махфий оффшор ҳисобларини фош этган "Пандора ҳужжатлари"да ҳам тилга олинган.
Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми 2021 йилда ошкор қилган маълумотларда Шодмоновнинг Ўзбекистон цемент бизнесидаги ҳукмронлиги очиқланади.
Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми оффшордаги AMANAT GROUP LIMITED ширкатини Улуғбек Шодмоновга боғлашган.
Ушбу ширкат Ўзбекистонда 2013 йилда ташкил қилинган "BAZIS" mas‘uliyati cheklangan jamiyatiнинг 100 фоизлик таъсисчиси ҳисобланади.
Очиқ реестрда "BAZIS" жамияти QIZILQUMSEMENTга боғлангани қайд қилинган. Ўз навбатида QIZILQUMSEMENT - UCGга қарашли заводдир.
Форум