В.Малолеткин ўз жонига қасд қилган Калуга изоляторидаги камера. (Сурат Калуга вилояти ИИБ сайтидан олинди).
2012 йилнинг 18 ноябрида Калуга вақтинчалик сақлаш изоляторида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўзини осиб ўлдирди. Полициячидан олинган маълумотда унинг маъмурий қонунбузарлик содир этгани учун Ўзбекистонга чиқариб юборилиши кутилаётгани айтилди.
Россия ИИВнинг Калуга вилояти бўйича бошқармасига қарашли Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлар сақланадиган махсус изоляторда шанбадан якшанбага ўтар кечаси соат 03:00 дан 06:00 лар оралиғида 1985 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси ўзини осиб ўлдирди.
Калуга вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини Алексей Горюнов Озодлик билан суҳбатда бу ҳодиса изоляторнинг тиббий бўлимида содир бўлганини маълум қилди.
- Маълум бўлишича, у Ўзбекистон фуқароси. Исмини очиқламаяпмиз ҳозирча. Хизмат текшируви ўтказилмоқда. Жиноий иш очилмайди, чунки ўз жонига қасд қилгани аниқ. Хизмат текшируви натижаларига кўра, жавобгарликка ким тортилиши – приёмник ходимларими ёки тиббий ходимларми – аниқ бўлади. Билишимча, врачлар уни шифохонага ётқизишдан бош тортган, деди Алексей Горюнов.
Полиция расмийси берган маълумотга кўра, 1985 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Дзержинский туман суди қарорига мувофиқ Россия Маъмурий Ҳуқуқбузарлик Кодексининг 18.8 моддаси 1-қисмига асосланиб, мамлакатда яшаш ва расмийлашиш қоидаларига риоя қилмаганлик учун вақтинчалик сақлаш изоляторига юборилган.
Суд унга икки минг рубл жарима тўлаш ва уни Ўзбекистонга чиқариб юбориш тўғрисида ҳукм чиқарган.
Горюнов бу шахс изоляторда назоратчи ва бошқа сақланаётганларга нисбатан ўзини жуда агрессив тутгани, унда руҳий носоғломлик аломатлари кўринганини қўшимча қилди.
Расмий маълумотга кўра, бир неча ойдан бери изоляторда сақланаётган бу ўзбекистонлик шу йилнинг 18 сентябр куни пол ювишда ишлатиладиган тозалаш воситасини ичиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлган.
Шу йилнинг 11 ноябрида у изолятор ходимига тан жароҳати ҳам етказган.
Полицияда у ўзини шифохонага юборишни талаб қилгани бироқ, изолятор фелдшери ва Калуга вилояти Психиатрия шифохонаси врачлари уни “стационар даволашга ётқизиш учун асос йўқлигини” таъкидлаб, изоляторда қолдиргани айтилмоқда.
Озодлик мухбири Россия ИИВ Калуга вилояти бўйича бошқармасигнинг маъмурий ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш изоляторига ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида мурожаат қилди.
Изолятор навбатчиси ҳодиса юзасидан текширув бораётгани боис нобуд бўлган ўзбекистонликнинг исми-фамилиясидан бошқа маълумот бера олмаслигини айтди.
- Ҳа, ўзбекистонлик экан. Исми Малолеткин Виталий экан, дея ўзини изоляторда осиб ўлдирган Ўзбекистон фуқароси шахсини аниқлаштирди навбатчи.
Озодлик Россия вақтинчалик сақлаш изоляторлари ва қамоқхоналарида ўзбекистонликларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолати олдин ҳам кузатилгани тўғрисида хабар берган эди.