19 август куни солиқ тўловчилар пулига қурилаётган, умумий қиймати 161,5 миллион долларга баҳоланган Ислом цивилизацияси марказида ёнғин чиқди.
Бу воқеа Ўзбекистонда охирги бир ой ичида кузатилаётган йирик авариялар ва техноген ҳодисалар фонида юз берди.
Мўйноқ газ конидаги авария, заправкалардаги портлашлар, бозорлардаги ёнғинлар, иссиқлик ва электр тармоқларидаги узилишлар, қатор экологик ҳодисалардан кейин, маданий мерос объекти сифатида кўрилаётган йирик қурилишда ёнғин чиқиши – тизимлардаги муаммолар қанчалик чуқур эканини яна бир бор кўрсатди.
Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказидаги ёнғин – мамлакатдаги тизимли муаммоларнинг рамзий ифодаси бўлди.
Ислом цивилизацияси маркази қурилишига 2018 йилда старт берилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, марказ биносининг том қисмида изоляция қопламаларини ётқизиш ишлари олиб борилишида технологик жараён бузилиши оқибатида ёнғин келиб чиққан.
Ҳодиса қурбонларсиз ўтди, аммо зарар ҳажми ҳали ҳисобланмаган.
Ёнғиндан сўнг Бош вазир Абдулла Арипов шахсан марказга бориб, вазият билан танишган.
Мавзуга алоқадор Қурилиш вазирига алоқадор ширкатга берилган лойиҳа $42,5 миллионга қимматладиУмумий қиймати 161,5 миллион доллар бўлган лойиҳа давлат маблағлари ҳисобидан қурилаётгани билан эътиборда эди. Қурилиш жараёнининг ўзи ҳам жамоатчиликда баҳсларга сабаб бўлган. Хусусан, марказ учун майдон тайёрланар экан, дарахтлар кесилиб, атрофдаги яшил ҳудуд йўқ қилингани норозиликларга олиб келганди. Энди эса объект ишга тушмай туриб ёнғинга учраши, лойиҳа атрофидаги саволларни янада кучайтирди.
Бу ҳолат катта маблағлар сарфланаётган, стратегик ва маданий аҳамиятга эга объектларда ҳам хавфсизлик назорати суст эканини кўрсатди.
Бу воқеа Ўзбекистонда охирги бир ой ичида кузатилаётган йирик авариялар ва техноген ҳодисалар фонида юз берди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
OZODNEWS: Мўйноқ газ конидаги авария | Украинага босқин: 1251-кун
Мўйноқ газ конидаги авария, заправкалардаги портлашлар, бозорлардаги ёнғинлар, иссиқлик ва электр тармоқларидаги узилишлар, қатор экологик ҳодисалардан кейин, маданий мерос объекти сифатида кўрилаётган йирик қурилишда ёнғин чиқиши – тизимлардаги муаммолар қанчалик чуқур эканини яна бир бор кўрсатди.
Мавзуга алоқадор Мўйноқдаги газ конида авария: Пудратчи номи нега очиқланмаяпти?Сўнгги бир ой ичида мамлакатда турли соҳаларда кузатилган аварияларнинг ҳар бири алоҳида йўқотишлар ва хавотирларга сабаб бўлди. Аммо улар йиғиндиси бутун тизимлардаги эскириш ва назорат сустлигини янада яққолроқ намоён этди.
Атиги бир ой ичида заправкаларда бешта йирик ҳодиса рўй берди. Таҳлилчиларга кўра, бу – тизимли хавфнинг қанчалик кучайгани ва назоратнинг қай даражада сустлигини кўрсатади. Технологик назоратнинг йўқлиги, хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаслиги ортидан келиб чиқаётган бу ҳодисалар қурбонларсиз ҳам кечмаяпти.
16 июлда Қашқадарёнинг Кўкдала туманида газ тўлдириш станциясида портлаш бўлиб, 5 киши ҳалок бўлди. 5 август куни шу туманда яна заправка портлади. 8 августда Урганчда, 10 августда Жомбойдаги заправкаларда ёнғин чиқди. 13 августда эса Шўрчида пропан заправкаси портлади.
Заправкалар портлаётган бир пайтда, мамлакатда ўрмон ёнғинлари ҳам кўпаймоқда. 23 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида — баҳсли Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси муҳокама қилинаётган Чорвоқ соҳилидаги тоғли ҳудудда ёнғин юз берди.
Шунингдек, Шеробод ва Наманганнинг Поп туманидаги ўрмонларда ҳам ёнғин бўлди. Ҳодисаларда қурбонлар йўқлиги айтилган бўлса-да, мутахассислар фикрича, бундай ёнғинлар нафақат қимматли табиий ландшафтларга, балки биологик хилма-хилликка ҳам катта зарар етказади.
Жорий ойда Сергели ва Қўйлиқдаги кўп қаватли уйларда чиққан ёнғинлар эса, фақат ишлаб чиқариш ёки инфратузилма эмас, балки аҳоли яшайдиган биноларда ҳам хавфсизлик чоралари етарли даражада эмаслигини яна бир бор кўрсатди.
11 август куни Тошкентдаги «Уч-қаҳрамон» бозорида чиққан ёнғин бозорнинг 40 фоизини вайрон қилди, қарийб 6 млн доллар зарар кўрилган. Қизиғи, ёнғин ортидан жамоатчиликка бозор ўрнида Тошкент метрополитени учун инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилгани маълум бўлди. Бу ҳолат ёнғиннинг сабаблари ва ундан кўрилган зарар ҳақидаги саволлардан кўра кўпроқ, ҳодиса атрофидаги шубҳаларни кучайтирди. Бу эса, авариялар фақат техник носозлик эмас, балки улар ортидаги қарорлар ва очиқлик йўқлиги ҳам тизимли муаммоларнинг бир қисми эканини кўрсатмоқда.
Июль охирида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги газ конида ҳам йирик авария қайд этилди. Расмийлар бу ҳолатни “назорат остига олинди” деб билдирган бўлса-да, воқеа энг йирик табиий ресурс объектларида ҳам хавфсизлик ва назорат тизими қанчалик заиф эканини кўрсатиб берди. Саноқли монополист шахслар қўлида экани айтиладиган газ конларида авариялар мунтазам кўриниш олмоқда. Мўйноқдаги авария қурбонларсиз ўтган бўлса, Бойсун конидаги ҳодисада 4 киши ҳалок бўлган эди. Мутахассислар бу аварияларга асосий сабаб сифатида инфратузилмаларнинг эскиргани, хавфсизлик тизимлари етарлича янгиланмагани ва назоратнинг формал тусда эканини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда экологик инқирозлар янги ва янги кўринишларда намоён бўлмоқда. Ўтган ойда Навоий шаҳридаги саноат корхоналаридан чиққан заҳарли тутун аҳоли саломатлигига хавф солди. Расмийлар жавобгарлар жазоланишини ваъда қилган бўлса-да, маҳаллий аҳоли ҳалигача ҳаводаги оғир ҳид ва заҳарли моддалардан шикоят қилмоқда. Бу ҳолатфақат саноат инфратузилмаларида эмас, балки уларни назорат қилиши лозим бўлган давлат идоралари фаолиятида ҳам жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
Мавзуга алоқадор Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича яна аксилрекорд қайд этдиКейинги пайтда мамлакат бўйлаб, кучли чанг бўронлари кузатилмоқда. Тошкент шаҳри эса расмий ҳисоботларга кўра, ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича дунёдаги энг ифлос 10 та шаҳардан бири сифатида қайд этилмоқда. Экологик хавфнинг ортиб боришига, экологлар фикрича, саноат чиқиндилари назорати ва шаҳарлардаги экологик сиёсатнинг сустлигини сабаб бўлмоқда.
Энергетика соҳасида авариялар эса мунтазам кўриниш тус олган. Кейинги ойларда боши авариядан чиқмаётган “Сағбон” подстанциясидаги носозликлар сабаб пойтахтнинг йирик туманлари кундузи ҳам қоронғиликка чўммоқда. Бу ҳолат Тошкент инфратузилмаси эскиргани ва ортиқча юкламага дош беролмаётганини кўрсатмоқда.
Энергетика тизимидаги “Сағбон” подстанциясидаги каби авариялар бутун мамлакатдаги умумий энергетик инқирознинг бир кўриниши, холос.
Мамлакатдаги электр узатиш ва тақсимлаш линияларининг кўпчилиги Совет даврида қурилган бўлиб, ҳозирда яроқсиз аҳволга келиб қолган.
Қишлоқларда совет давридан қолган канал ва қувурлар, ресурслар етишмаслиги аҳолини ичимлик сувисиз қолишига олиб келмоқда. Бу эса сув таъминоти тизимидаги авариялар ва носозликларнинг оддий ҳолга айланганини кўрсатади. Нафақат қишлоқлардаги йўллар, балки шаҳарлардаги йўлларнинг сифатсизлиги ҳам ҳайдовчилар норозиликларига сабаб бўлиб келмоқда. Йўл инфратузилмаларининг сифатсизлиги турли йўл-транспорт ҳодисалари хавфини ҳам оширмоқда.
Тошкент шаҳридаги иссиқлик тармоқларининг эса 68 фоизи авария ҳолатида. Бу расмий маълумот. Технология ва жиҳозларнинг йўқлиги аварияларни бартараф этишни қийинлаштирмоқда.
"Бизда нормадаги кўрсатилган авариявий машиналар, аварияни ечиш учун асбоб-ускуналар етарли эмас. Шуни кўпайтириш масаласи кўриляпти ҳозир", Veolia Energy Tashkent раҳбари Севара Пардаева.
Аввалроқ тизимни модернизация қилиш учун 19 триллион сўм ажратилиши маълум қилинганди. Иқтисодчи Отабек Бакиров тизимдаги муаммолар учун монополист Veolia Energy Tashkent ширкатини ёзғиради:
“Veolia Energy Tashkent бошқарувида кимлар ўтирипти, кенгашида кимлар бор, йирик харидлар ва аффилланган шахсларга оид қандай битимлар амалга оширилаяпти, менежментга қанча рағбатлантириш тўланмоқда, биз билмаймиз. Компания 2022, 2023, 2024 йилларда қанча зарар кўрди, харажатлари қандай ўсмоқда, қарзлари ва мажбуриятлари қандай ўзгармоқда, буниям билмаймиз. Чунки Тошкент шаҳридаги монополист компания МЧЖ мақоми остида иш юритади. Молиявий ҳисоботлар ёпиқ. Ваҳоланки, компания тушумларининг мутлақ катта қисми давлатнинг, яъни солиқ тўловчиларнинг пули билан боғлиқ”.
Бу ҳолатлар тизимли муаммолар қанчалик чуқур эканини кўрсатади. Таҳлилчилар наздида, Ўзбекистонда кетма-кет содир бўлаётган авариялар тасодиф эмас, балки мамлакат бошқарув тизимидаги чуқур муаммоларнинг оқибатидир.
Ҳар куни янгидан-янги авариялар ҳақида эшитаяпмиз. Биз келтирган мисоллар — уларнинг бир қисми, холос. Лекин Ўзбекистонда авария ҳолатида бўлмаган тизимни биласизми ўзи? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг!