Афғонистонга экспорт, Тожикстондан импорт. Тошкентнинг энергетик келишувлари муҳокама марказида

Толибон ҳукумати тарқатган расм.

Ўзбекистонда электр ва газ узилишлари кундалик муаммога айланиб бораётган пайтда, расмий Тошкент қўшни Афғонистонга катта миқдорда электр энергияси етказиб бериш бўйича келишув имзолади.

243 миллион долларлик лойиҳа ҳақида Толибон ҳукумати эълон қилди, Тошкент ҳозирча расмий баёнот бермади. Айни дамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти экспертлари бу ҳаракатни олқишлаб, Марказий Осиё давлатлари учун Кобул билан ҳамкорликнинг стратегик аҳамият касб этишини таъкидлашмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Тожикистондан энергия харид қилиш бўйича шартнома ҳам имзолаган.

"Ғалати ва мантиқан баҳсли вазият"

Толибон раҳбариятининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдулғани Биродар Охунднинг матбуот хизмати 17 августда маълум қилишича, 243 миллион долларлик лойиҳада Афғонистонга қўшимча электр етказиб бериш ва инфратузилма қурилиши кўзда тутилган.

Ушбу келишувда амалга оширилиши керак бўлган ишларга дастуримиз давомида тўхталамиз. Ҳозир эса таҳлилчилар нега бунга танқидий фикр билдираётганига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Ўзбекистонда электр танқислиги кундалик ҳаётнинг одатий қисмига айланиб, ёзда кондиционерлар, қишда иситиш тизимлари ишламай қолиши, чироқнинг тез-тез ўчиши каби муаммолар фонида имзоланган бундай шартномага айрим экспертлар танқидий фикр билдиришмоқда.

Анвар Назир

“Менинг фикримча, Ўзбекистонда энергетика соҳасида жуда ғалати ва мантиқан баҳсли вазият юзага келган. Атом электр станцияси қурилишига қарши чиқилганда одатда битта асосий далил келтирилади: "Агар АЭС қурилмаса, Ўзбекистонда электр етишмайди. Қуёш электр станцияларини қурдик, қуряпмиз, шамол электр станцияларини қурдик, қуряпмиз, гидроэлектр станцияларини ҳам қурдик, қуряпмиз, шунга қарамай аҳолини электр билан таъминлашга бу ҳам етмаяпти. Иқтисодиёт ўсмоқда, кичик бизнес ва йирик компаниялар очилмоқда, саноат зоналари ишга тушмоқда, уларни ҳам таъминлаш керак", - дейишади. Яъни, электр қуввати етишмаслиги таъкидланади. Шу пайтда эса Ўзбекистон Афғонистонни ҳам электр билан таъминлаб бериши лозим экан”, - дейди сиёсий таҳлилчи Анвар Назир.

Келишувга кўра, Афғонистондаги Сурхон-Дашти-Алвон ва Кобул-Шайх-Масри электр узатиш тармоқлари, шунингдек, Нангарҳорда янги подстанция қурилади ҳамда Кобул яқинидаги “Арганди” подстанцияси кенгайтирилади.

Лойиҳаларни 18 ойда амалга ошириш режалаштирилган. Имзолаш маросимида Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қатнашгани Толибон ҳукумати тарқатган хабарларда акс этган.

Сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов Афғонистонга электр узатишда стратегик манфаатлар борлигига эътибор қаратди:

“Ўзбекистондан Афғонистонга электр етказиб бериш 2002 йилдан бери амал қилиб келмоқда ва ўтган йил декабрда янги келишув билан шартнома муддати узайтирилди. Ҳолбуки, икки йил олдин Ўзбекистоннинг ўзи катта энергетик танқисликка дуч келгани, айниқса қишда аҳоли учун иссиқлик ва энергия таъминоти жиддий муаммоларга айлангани маълум. Шунга қарамай, декабрда мажбуриятлар қайта тикланди ва экспорт давом этмоқда. Кутилмоқдаки, савдо ҳажми аста-секин ўсади, чунки Афғонистон трансафғон коридори доирасида стратегик аҳамият касб этмоқда. Хусусан, темир йўл қурилиши юк ташиш харажатларини камайтиради ва вақтни тежайди, бу эса Ўзбекистоннинг Жанубий-Шарқий Осиё билан савдо айланмасига ижобий таъсир қилади. Шу сабабдан, Тошкент электр етказиб беришни тўхтатмайди, балки ички етишмовчиликни бошқа мамлакатлардан импорт ҳисобига қоплашга интилади”.

Таҳлилчи тилга олган “етишмовчиликни импорт ҳисобидан қоплаш” ғояси бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида Афғонистонга электр экспорт қилиш билан бирга, Тожикистондан ҳам энергия сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бир оздан сўнг тўхталамиз.

Ўзбекистоннинг қишлоқларида чироқ ўчиши мунтазам тус олган.

Кремл экспертларини қизиқтирган мавзу

Янги шартнома амалга оширилса, Афғонистон Ўзбекистондан 1000 МВтгача электр импорт қилиш имконига эга бўлади.

Тошкент бу борада муносабат билдирмаган бўлса да, Москванинг таҳлилчилари ушбу келишувга алоҳида эътибор қаратмоқда ва уни Толибон учун иқтисодий ривожланишда муҳим қадам сифатида талқин қилишяпти. Масалан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги МДҲ Халқаро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Александр Князев “Независимая газета”га берган изоҳида шундай фикрни қайд этган:

Александ Князев

“Имзоланган келишувлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсатида асосий эътибор, аввало, мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига қаратилган. Чунки фақат иқтисодий тараққиётгина хавфсизлик масалаларини узоқ муддатли истиқболда ҳал қилиш имконини бера олади. Менинг фикримча, бу энг муҳим ва принципиал жиҳат: Афғонистонга хавфсизлик таҳдидлари манбаи сифатида эмас, балки Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган эҳтимолий макон сифатида қараш устувор аҳамиятга эга. Бу йўналишнинг ривожланиши эса Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилади”.

Бироқ россиялик таҳлилчилар таъкидлаётган иқтисодий самаралар амалиётда қандай намоён бўлиши ва бундан Ўзбекистон учун қай даражада фойда келиши масаласи ҳали очиқ қолмоқда.

Сиёсий нуқтаи назардан Афғонистон мавзуси ҳозир Москва учун долзарблиги айтилади. Россия Кобул билан мулоқотни "Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Афғонистон" контакт гуруҳи орқали тиклаш ташаббусини билдирган. Бу қадам Кремлнинг минтақавий иштироки ва таъсирини кучайтиришга қаратилгани сифатида шарҳланган.

31 август–1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ҳам Афғонистон масаласи муҳокама марказида бўлиши ҳақида Хитой ва Россия расмийлари маълум қилган. Афғонистон бу альянснинг аъзоси эмас, лекин 2012 йилдан буён кузатувчи мақомига эга.

Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр етказиб бериш келишувида Россиянинг иштирокига доир расмий тасдиқланган маълумотлар йўқ. Шунга қарамай, Москва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг етакчи аъзоси сифатида бу жараёндан қай даражада манфаатдор эканлиги ҳақидаги саволлар долзарб.

Таҳлилчилар халқаро майдонда ҳануз расман тан олинмаган Толибон ҳукумати билан йирик шартномалар имзоланишини - Ўзбекистон учун тавакалли қадам сифатида ҳам баҳолашади:

“Ўзбекистон, менимча, электр қувватини сотиб, маблағ топиш ниятида ҳаракат қилмоқда. Бу ерда яна бир савол пайдо бўлади: Афғонистон қандай қилиб тўлайди? Чунки бу давлатнинг молиявий имконияти чекланган. Афғонистонни бошқалар боқаётганини кўряпмиз. Ўзбекистонга ҳам бошқалар берган пулдан тўлайдими?” - дейди Анвар Назир.

Толибон билан ҳамкорлик

Толибон 2021 йилда ҳокимиятни қўлга киритгандан кейин, аввалига юмшоқ сиёсат юритишга ваъда берган. Аммо амалда аёллар ҳуқуқлари кескин чекланди: ўрта мактабда 6-синфдан кейин қизларга кейин таълим тақиқланди, аксарият иш ва жамоат жойлари улар учун ёпилди. Бу сиёсат халқаро майдонда Толибон ҳукуматининг изоляциясини янада чуқурлаштирди.

Ўзбекистон Афғонистонга бир неча марта гуманитар ёрдам йўллаган. 2024 йил февралда Тошкентдаги Афғонистон элчихонаси Толибон тайинлаган янги маъмуриятга топширилган.

2023 йил охирида Афғонистон миллий электр компанияси Ўзбекистон билан энергия импорти келишуви муддатини узайтирган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг баҳорида Euronews каналига берган интервьюда Толибон билан ҳамкорлик сиёсатини ҳимоя қилиб, "Биз қўшнимиздан ҳеч қачон юз ўгирмаганмиз ва уни яккалатмаганмиз", - деган.

2025 йилнинг февралида ўзбекистонлик тадбиркорлар Афғонистоннинг нефть ва газ конларини қидириш ва қазиб олиш, саноатни ривожлантириш, Саманган вилоятида цемент заводи қурилишига сармоя киритиши маълум қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев Тошкентда Афғонистон муваққат ҳукумати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулло Абдул Ғани Бародар билан музокараларда айтган.

Роғун ГЭСи билан боғлиқ янги келишув

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон билан 243 миллион долларлик энергетика шартномалари имзолаган бир пайтда, Тожикистон ҳам Тошкент билан электр соҳасида ҳамкорликка оид битим лойиҳасини маъқуллади.

Тожикистон Адлия вазирлиги сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра, келишув асосида Роғун ГЭСи орқали Ўзбекистонга электр етказиб берилиши назарда тутилган.

Шартлар қуйидагича:

  • Нархи – 1 кВт·соат учун 3,4 АҚШ центи (435 сўм).
  • Нарх ҳар йили 1% га оширилади.
  • Электр қувват етишмовчилиги бўлган вақтларда етказилади.
  • Илк босқичда фақат вегетация мавсумида (1 апрелдан 30 сентябргача) амалга оширилади, Роғун тўлиқ ишга тушгач эса йил давомида таъминланади.
  • Шартнома 20 йилга тузилади ва яна 10 йилгача узайтирилиши мумкин.


Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида Афғонистонга электр энергиясини экспорт қилиб, Тожикистондан импорт қилиши - таҳлилчилар фикрида энергетик етишмовчиликнинг жиддийлигини кўрсатади.

“Барқи тожик” компанияси эса 2018 йилдан бери мавсумий равишда Ўзбекистонга электр етказиб келмоқда. Янги ҳужжатда қайд этилишича, Роғун ГЭСи тўлиқ ишга тушиши ҳали вақт талаб этади, шу боис келишувнинг доимий самараси дарҳол амалга ошиши кутилмаяпти.

Таҳлилчи Алишер Илҳомов қўшнилар ўртасидаги бу келишувга ижобий қарайди:


Алишер Илҳомов

"Аслида, Ўзбекистон аввал ҳам Тожикистондан энергия харид қилган, лекин Роғун ГЭСи ҳисобидан етказиб бериш ҳажми ҳозирча чекланган ва асосан вегетация даврида амалга оширилмоқда. 2018 йилдан бери олти агрегатдан фақат иккитаси ишлаб турибди, шу боис Тожикистон ҳали катта ҳажмда энергия етказиб бериш имкониятига эга эмас. Шу билан бирга, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ривожланмоқда ва 2030 йилга бориб уларнинг улуши 40% га етиши кутиляпти. Бу, ўз-ўзидан, ижобий янгиликдир. Умид қиламанки, бу Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни заифлаштирмайди, балки янада йирик мақсадларга хизмат қилади. Хусусан, трансафғон темир йўл савдо коридорини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади”.

8 августда Энергетика вазири президент Мирзиёевга тизим барқарорлигини таъминлаш чоралари ҳақида ахборот берган. Унда пойтахтда аҳоли ва қурилишлар сони кўпайиши энергия талабини ошираётгани, 46 подстанция ва 207 трансформатор ортиқча юкламада ишлаётгани қайд этилган, талаб эса 6% ўсгани таъкидланган.

Аммо фаоллар электр энергиясига боғлиқ вазият тобора мураккаблагани ва айрим ҳудудларда муаммолар кучайиб бораётгани ҳақида хавотирлар билдиришмоқда. Масалан, иқтисодчи Отабек Бакиров Телеграмдаги каналига шундай деб ёзди:

"10 кун аввал таъминоти Сағбондан узилиб Қизғалдоқ подстанциясига уланган Тошкент туманида энергоқаҳатчилик давом этмоқда, нафақат давом этмоқда, борган сари авжига чиқмоқда. 13 ва 14 август кунлари 15 соатдан, 16 август куни 18 соат свет бўлгани йўқ (1-2 соатлик ўчишларни ҳеч ким ҳисобламай қўйган). Ҳар гал узилишдан кейин, “мана бўлди, буёғига муаммо бўлмайди” қабилидаги ёлғонлар тўхтагани йўқ. Ё эплашолмаяпти ёки туман аҳолиси устидан мақсадли энергоқаҳатчилик уюштирилмоқда".

Мана шундай шароитда Афғонистонга электр экспорт қилиш ва Тожикистондан импорт қилиш бўйича келишувлар борасида саволлар долзарб: бу чоралар ички етишмовчиликни бартараф эта оладими ёки қиш кириб, қайтадан узилишлар, чироқ ва газ ўчиши каби муаммолар авж оладими?