Қирғиз мулозимлари Ўзбекистонга ноқонуний чорва савдоси учун қамалди

Қирғизистондан Ўзбекистонга 40 мингдан ортиқ мол-қўй ноқонуний олиб ўтилгани ортидан гўшт нархи кескин ошди ва бир неча амалдор қамалди. Бишкек чорва экспортини вақтинча тақиқлади.

Ўзбекистоннинг ўзида ҳам сўнгги ярим йилда энг кўп қимматлаган озиқ-овқат маҳсулоти - гўшт бўлиб қолмоқда. Нархларни сунъий ошириш ҳолатлари расмийлар томонидан тан олинишига қарамай, ҳал қилувчи чоралар кўрилмаган.

"Зарарини оддий тадбикорлар кўради"

Охирги вақтларда ҚирғизистонданЎзбекистонга мол-қўй олиб келиб сотиш бўйича ижтимоий тармоқларда эълон ва видеолар кўпайган. Аммо жалолободлик тадбиркор Худойберди Тошбоев яқин орада бу эълонлар озайиши ёки тўхташидан ҳавотир:

"Чунки Қирғизистон ҳукумати вақтинча мол-жонлиқни экспорт қилишга тақиқ жорий этди. Чегаралар очилиши ортидан охирги йилларда чорвачилик савдоси яхши ривожланаётган эди. Айтишларича, кимлардир бу имкониятдан ноқонуний тарзда фойдаланган, оқибатида эса бундай ҳолатнинг зарарини биз каби оддий тадбиркорлар кўради".

Бишкекда гўшт савдоси билан шуғулланувчи қассоб Азамат Орозобеков эса бозордаги нархларнинг ўсишига айнан мол-қўйнинг қўшни давлатга сотилишидан кўрмоқда:

“Бизникилар бошқа ўлкаларга мол-қўйни экспорт қилади. Борган сайин экспортни кўпайтиришяпти. Ўзимизда озайиб бораётгани учун гўшт қиммалаяпти. Қолаверса, ем-ҳашак ҳам қимматлаб, бозорда нархнинг ўсишига сабаб бўляпти”.

Қирғизистонда шу кунларда мол гўштининг килоси сифатига яраша 650дан 750 сомгача, яъни 8-9 доллар атрофида. Бир неча ой аввал 6-7 доллар эди.

Бишкекдаги мулозимларнинг қамалиши

Қассоб Азаматнинг таҳмини Қирғизистоннинг расмий органларининг маълумотларида ўс тасдиғини топди. Гўшт нархининг қимматлаши ортидан 20 август куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Самат Насирдиновни ва Ветеринария хизмати директори Улуғбек Кожобергеновни, ҳамда бир неча мулозимни ҳибсга олган.

Тергов маълумотларига кўра, улар Ўзбекистонга чорва ҳайвони сотиш учун квота беришда коррупцияга йўлга қўйганликда гумон қилинмоқда. Аммо квота асли қанчалиги ҳақида расмий маълумотда айтилмаган.

Ҳибсга олинган мулозимлар. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган расм.

Қирғизистон махсус хизматининг хабар беришича, сўнгги ойларда 40 мингдан ортиқ чорва ҳайвони ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб кирилган ва мамлакатда гўшт нархининг қимматлашишига асосий омил бўлган. Жорий йил бошида қирғиз парламентида депутат Жанар Ақаев ҳам бу масалани кўтарганди:

“Янги йил арафасида коррупцияга қарши муҳим қонун қабул қилинган. Ҳозирда барча вазирлик ва идораларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Одамлардан ноқонуний равишда пул олувчиларга қарши кураш кетмоқда, аммо чорвадан пул олувчиларга қарши кураш сезилмаяпти. Ўш шаҳрига борганимда бир неча тадбиркор Ўзбекистонга ҳафтасига 15-20 минггача мол-қўй экспорт қилинаётгани ва ветеринария хизмати раҳбарига ҳар бир ҳайвон учун 100 сомдан пул йиғилаётганини айтишди. Бу маълумотни бир нечта тадбиркор тасдиқлади. Шу масала юзасидан миллий хавфсизлик кўмитаси раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилмоқчиман ва ветеринария хизмати раҳбарига тез ва қатъий чора кўрилишига ишонаман”.

Ўзбекистон томони қўшнилардан сотиб олинаётган ҳайвонлар ёки квотага боғлиқ ҳозирча расмий муносабат билдирмади. Қирғизистон ҳукумати 21 август куни қўй ва қорамолни ярим йилга четга чиқаришни тақиқлади.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган фарғоналик тадбиркорларнинг айтишича, тақиқдан кейин ҳам мол-қўйларнинг келиши давом этмоқда.

“Мен Бишкекдан 100 та қўйга буюртма бергандим ва уларни 24 август куни чегарадан муаммосиз олиб ўтдик. Эҳтимол, буюртма тақиқдан олдин қилингани сабабли тўсиқлар бўлмаган. Ўн кундан кейин яна қайта буюртма берсам, вазият қай тарзда ўзгарганини аниқроқ билиш мумкин бўлади. Ҳамкорлар айтишича, мол-қўй олиб ўтиш анча камайган, аммо бутунлай тўхтаб қолиши қийин, чунки яширин йўллар мавжуд. Чегарачилар улардан хабар топишади, савдогарлар эса ўз йўлини топишади. Бироқ шахсан ўзим бундай иш билан шуғулланмаганман” - деди чорва савдоси билан шуғулланган ўзбекистонликларнинг бири.

Бишкек тарқатган расмий маълумотларга кўра, ўртамчилар қирғиз чорвадорларидан тўғридан-тўғри сотиб олинган ҳайвонларни ўзбекистонлик қассобларга ёки фермерларга қайта сотиб, бир бош молдан ўртача 300 доллар, қўй учун эса 50 доллар атрофида фойда олишади.

Қирғизистон ҳукумати бу воқеадан сўнг гўшт нархини 620–690 сом деб белгилаб, назоратни кучайтирди. 22 августда Монополияга қарши назорат хизмати Бишкекда хусусий тадбиркор гўштни ҳукумат белгилаган нархдан қиммат сотгани учун маъмурий жаримага тортилганини маълум қилди. Унга Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг “Нархларни (тарифларни) белгиланган тартибда шакллантириш ва қўллаш қоидаларини бузганлик” моддаси асосида 13 минг сом жарима солинган.

Тақиқдан кейин гўшт яна қимматлайдими?

Қирғизистондаги тақиқ Ўзбекистон бозорига қанчалик таъсир қилишига доир ҳозирча таҳминлар йўқ. Аммо охирги ярим йилда мамлакатда гўшт нархи сезиларли ошган. Чорва маҳсулотларига талаб юқори бўлгани сабаб, қирғиз бозоридаги чекловлар ўзбек бозоридаги нархларни янада кўтариши эҳтимоллиги айтилмоқда. Лекин иқтисодчи Отабек Бакиров расмий статистикада Қирғизистондан келаётган мол-қўй сонининг камайиши аввалданоқ кузатилаётганини таъкидлайди:

“2025 йил 1-ярим йиллик якунлари бўйича қардош Қирғизистон Ўзбекистонга йирик шохли қорамол экспортини 53 429 бошдан 11 227 бошгача камайтирган. Қўй-эчки экспорти 112 206 бошдан 10 270 бошгача қисқариб кетган. Қайд этилишича, Қирғизистондан Ўзбекистонга 40 минг бош қорамол ноқонуний экспорт қилинган. Ташиевнинг қудратли тузилмаси гўшт нархи ошиб кетиши сабабини шунда, Ўзбекистонга квотадан ташқари чорва моллари экспорт қилинишида кўрмоқда. Охирги ярим йилда Қирғизистонга чегарадош водий вилоятларида гўштнинг кескин қимматлашиши, хусусан қўшнилардан мол-қўй ўтмай қўйгани билан бир вақтда юз берганини кўпчилик сезмоқда”.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ветеринария хизмати жорий йилнинг 31 январида ҳам мол-қўй ва отлар экспорти вақтинча тўхтатилгани ҳақида маълум қилганди. Давлат Миллий статистика қўмитасининг ўшандаги ҳисобича, 2024 йилнинг январь ойидан ноябригача Қирғизистон 217 минг бош қўй-эчки ва 122,5 минг бош қорамол экспорт қилган ва уларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга сотилган.

Маълумотларга кўра, айни вақтда Тошкентда бир килограмм лахм гўшт нархи 200 минг сўмга яқинлашган. Тадбиркорларнинг айтишича, бозордаги асосий омил табиий тақчиллик эмас, балки масъул мулозимлар қўйган сунъий тўсиқлардир.

Қўшни Қирғизистон гўшт берувчи чорвани четга сотишга навбатдаги тақиқни қўйишдан олдин, Ўзбекистон Мўғулистондан 100 минг бош қўй ва эчки олиб келиш бўйича шартнома имзолаган. Президент қарорига кўра, 2025–2026 йилларда импорт қилинган чорва маҳаллий шароитда кўпайтирилиб, 2029 йилга қадар сони 1 миллион бошга етказилиши режалаштирилган. 13 август куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов Мўғулистон делегацияси билан учрашиб, дастлабки босқичда 15 минг бош қўй етказиб берилишини белгилаган.

Ислом Каримовнинг президентлик даврида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада совуқлашган, Тошкент эса чегараларни ёпиб қўйган. 2016 йили Каримовнинг вафотидан сўнг сиёсий алоқаларилиқлаша бошлади. Ҳукуматлар чегара масалалари бўйича ўзаро келишувга эришиб, муаммолар ҳал қилишган.

Сўнгги 3–4 йилда қирғиз ва ўзбек тадбиркорлари ўртасида чорва савдоси фаол ривожланди. Айрим тадбиркорлар ҳайвонларни насияга бериш, яъни аввал етказиб бериб, тўловни маълум муддатдан кейин олиш амалиётини қўллашмоқда. Шу йўсинда ҳамкорлик қилган баъзи шахслар ўнлаб ҳайвоон учун тўловни ўз вақтида ола олмаётгани сабабли судлашиш ҳолатларига ҳам дуч келган. Озодликка мурожаат қилганлар орасида ана шундай мураккаб вазиятга тушганлар ҳам бор.


Ҳоким келганда гўшт нархи арзонлайди

Жорий йил баҳорида Озодлик бир қатор тадбиркорларнинг мурожаатини эълон қилган. Улар Давлат ветеринария қўмитаси инспектори гўшт импортини чекловчи қарор ва бюрократик тўсиқлар орқали бозорда фақат оз сонли “яқин компаниялар” учун йўл очиб бергани айтилган. Уларга кўра, бу жараён рақобатни йўқотиб, нархларни сунъий равишда ошириб юборган. Бироқ ҳозирча бу иддаоларни тасдиқлайдиган расмий ҳужжат Озодлик ихтиёрида йўқ.

Аммо нархларни сунъий қимматлатиш амалиёти ҳақидаги шубҳаларни давлат амалдорлари ҳам билвосита тасдиқлаётгандек. Масалан, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев 23 август куни ўтказилган йиғилишда гўшт пули хақида гапириб, айрим ҳолларда нархлар сунъий тарзда кўтарилишини айтган.

“Бозорга кириб бораётганимизда бир рус онахон ўтирган экан. “Гўштни қанчадан олдинг?” – деб сўрасам, “Фалон сўмдан олдим”, деб арзон нархни айтяпти. “Лекин мен бир кило гўшт олиш учун ҳокимнинг келишини кутаман; ҳоким келганда ҳамма нарса арзонлашади, ҳоким кетиши билан яна қимматлашади”, – деди. У кампир ўрганиб олибди: ҳоким келса, эргашиб кираркан. Ҳоким келди деса, ҳамма нарса арзонлашади. Спектакль, саҳналаштирилган сценарий...”

Нархларнинг сунъий қимматлатишга боғлиқ ҳолатлардан ҳокимлар хабардор бўлса да, тегишли назорат органлари чора кўргани ҳозирча сезилмайди. Бу эса айрим айрим иқтисодчилар айтганидек, масалани бир шахс ёки идора эмас, балки бутун тизим ичидаги манфаатлар тўқнашуви билан боғлашга асос беради.

Ўзбекистон нафақат чорва, балки тайёр гўштни ҳам хориждан импорт қилади; асосий етказиб берувчилар орасида Ҳиндистон, Покистон, Мўғулистон, Украина ва Беларус бор. Нархларнинг ўсишига импортнинг қимматлаши ҳам муҳим омил сифатида кўрсатилади, шу билан бирга маҳаллий чорвадорлар учун ем-ҳашак нархи ва соҳада ислоҳотларининг етишмаслиги ҳам бозордаги нархнинг сунъий кўтарилишига таъсир қилиши айтилади.