Тожикистон: мустақиллик синовлари, сиёсий тизим ва ҳуқуқий баҳслар

Президент Имомали Раҳмон 2013 йилдаги сайловдан кейин Душанбедаги инаугурация маросимида давлат байроғини ўпмоқда.

Мустақилликнинг 34 йиллигини нишонлаётган Тожикистоннинг сиёсий турмуши ҳақидаги фикрлар бугун икки масалага бориб тақалади: бошқарувнинг президент оиласи қўлида жамланиши ва инсон ҳуқуқлари бўйича эътирозлар.

Мамлакатнинг яқин тарихи ички уруш, хавфсизлик ва чегара муаммолари, меҳнат миграциясига таянадиган иқтисодиёт ва ташқи омиллар билан боғлиқ. Шу билан бирга, бугунги кунда Роғун ГЭСи Тожикистоннинг энергетик мустақиллиги ва экспорт салоҳиятини оширадиган стратегик лойиҳа сифатида баҳоланади.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 1990-йилларнинг бошида Россиянинг Марказий телевидениесига (ЦТВ) берган интервьюсида СССРнинг парчаланишидан хафа бўлганини айтган эди. Раҳмон ўшанда Россияни нафақат минтақавий, балки глобал барқарорликнинг асосий кафолатчиси сифатида тилга олган.

Раҳмон чорак аср аввал барқарорлик рамзи дея баҳолаган Кремль бугун халқаро сиёсий сахнада тинчликни эмас, балки беқарорликни, дўстликни эмас, балки қўшнисига уруш очиш сиёсатини танлаган мамлакат сифатида танқид қилинмоқда.

Тожикистоннинг иқтисодий-сиёсий ҳаёти ҳануз Москва билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланади. Бироқ амалдаги президент халқаро саммитлардан бирида Россия президентига "Марказий Осиё давлатларига нисбатан ҳурмат сақланиши лозимлигини" қатъият билан айтиб, эътироф ҳам қозонган.

Мустақилликнинг оғир бошланиши

Тожикистон - Марказий Осиёда ўз ўрни ва тақдири билан ажралиб турадиган ўзига хос бир давлат. Унинг тарихий йўли ва сиёсий воқеликлари қўшниларидан қуйидаги омилларга кўра фарқ қилади:

  • Минтақада парламент босими остида давлат раҳбари истеъфога чиққан ягона мамлакат;
  • Минтақада фуқаролик урушининг алам-аччиғини бошидан кечирган давлат;
  • Туркий тилларда сўзлашувчи Марказий Осиё давлатлари орасида форсий тилда гаплашувчи халқ;
  • Минтақада президент умрбод сайланиш ҳуқуқига расман эга бўлган сиёсий тизим;


Тожикистон собиқ СССР таркибидаги республикалар ичида мустақиллик эълон қилганлар орасидан деярли охирги қаторларда бўлди.

Совет давридаги cўнгги раҳбар, Тожикистон компартиясининг биринчи котиби Каҳҳор Маҳкамов парламент босими билан истеъфога чиққан. Унинг кетишидан икки кун ўтиб, 1991 йилнинг 9 сентябрида Тожикистон мустақиллиги эълон қилинган. Ундан ўн кун аввал, 31 августда Олий Совет расман “Тожикистон ССР” номини “Тожикистон Республикаси” деб ўзгартирган эди.

Раҳмон Набиев, Ленин ҳайкали ва Қадриддин Аслонов. "Озоди" коллажи.

Президент вазифасини бажарувчи Қадриддин Аслонов Мустақиллик декларациясини имзолаган, аммо икки ойдан сўнг ўлдирилган. Кейинги сайловда Раҳмон Набиев президент бўлди, аммо фуқаролик уруши туфайли бир йил ичида истеъфога чиқди. Бу урушда қурбонлар сони 60 мингдан 100 минг кишигача етди.

Россия-Тожикистон (Славян) университетининг кафедра мудири, Юридика фанлари номзоди, профессор Фарида Аминова олийгоҳ сайтига чоп этган мақоласида шундай фикрларни ёзган:

“Тожикистон мустақиллигининг дастлабки йиллари 1992 йилдан 1997 йилгача давом этган фуқаролик уруши билан мураккаблашди. Уруш жамиятни бўлиб юборди ва кўплаб қурбонлар ҳамда вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Шунга қарамай, тинчлик музокаралари ва саъй-ҳаракатлар туфайли можаро Тинчлик келишуви имзоланиши орқали якунланди, бу эса мамлакатнинг кейинги тараққиёти учун асос яратди”

1992 йилда Эмомали Раҳмон Олий Кенгаш раиси сифатида ҳокимиятга келган ва шу кунгача президентликда ўтирибди. У мамлакатни урушдан сақлаб қолган лидер сифатида эътироф этилади. Илгариги раҳбарлар ҳақида эса деярли гапирилмайди.

“Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - миллат етакчиси” деган расмий унвони бор президентнинг ўғли Рустам Эмомали - пойтахтнинг ҳокими ва парламентнинг юқори палатаси раиси.

Сиёсий эркинлик

Тожикистонда 1994 йилда қабул қилинган Конституцияга кейинги йилларда уч марта турли ўзгартиришлар киритилди ва президент ваколатлари сезиларли даражада кенгайди.

2016 йилда ўтказилган референдум орқали президентликка номзодлар учун ёш чегараси 35дан 30га туширилди. Шу билан бирга, амалдаги президент Эмомали Раҳмонга чексиз сайланиш ҳуқуқи берилди. Унинг ўғли Рустам Эмомали 2017 йилда 30 ёшга тўлди ва кейинчалик Душанбе шаҳар ҳокими ҳамда Сенат раиси лавозимларини эгаллади.

Рустам Эмомали тадбирларнинг бирида.

Кўплаб таҳлилчилар конституциявий ўзгаришлар ва референдумни Эмомали Раҳмон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва эҳтимолий ворисига йўл очиш мақсадида амалга оширган, деб баҳолаган.

Қизи Озода Раҳмон 2016 йилдан буён Президент администрацияси раҳбари лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, президентнинг тўққиз нафар фарзандининг аксарияти давлат ва хусусий секторда юқори лавозимларда ишлаши айтилади. Улар орасида Британияда элчи сифатида хизмат қилаётгани, банк соҳасида, авиация тармоғида ҳамда тиббиёт соҳасида масъул вазифаларни бажараётганлари бор.

Қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Димаш Алжанов Душанбедаги сиёсий кўринишни қуйидагича баҳолайди:

Димаш Алжанов

“Сўнгги йилларда турли гуруҳлар, хусусан, Бадахшон автоном вилоятида фаолият юритган кучлар босим остига олинди. Шунингдек, журналистлар ва танқидчиларга нисбатан ҳам босимлар кучайди. Бунинг барчаси ҳокимиятни ўтказишга тайёргарлик жараёни билан боғлиқ. Шу билан бирга, сиёсий тизимда президент оиласи аъзоларининг муҳим лавозимларга тайинланиши кузатилмоқда. Эмомали Раҳмоннинг ўғли эҳтимолий ворис сифатида кўрсатилган ва бу ҳақда ҳозир деярли ҳеч кимда шубҳа қолмаган”.

Экспертлар Тожикистонда сиёсий майдон сезиларли даражада чекланганини такрорлаб келишмоқда. 2015 йилда мамлакатдаги энг йирик мухолиф партия - Исломий уйғониш партиясининг фаолияти тақиқланди ва “террористик ташкилот” деб эълон қилинди. Партия етакчилари ва аъзолари узоқ муддатларга қамалди. Айримлари хориждан бошпана топди.

Раҳмоннинг Европа давлатларига ташрифлари чоғида мухолифат ва таъқиб сабабли чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлганларнинг пикет уюштириши одат тусига кирди.

Германия - Марказиий Осиё саммити пайтида фаоллар Эмомали Раҳмонга қарши ташкиллаштирган пикети. Берлин, 2022 йилнинг сентябри.

Сўз эркинлиги

2024–2025 йилларда халқаро ташкилотлар, жумладан Freedom House ва Human Rights Watch, Тожикистонда сўз эркинлиги жиддий равишда чекланганини таъкидлаган.

Human Rights Watch (HRW) ҳалқаро ҳуқуқ ташкилотининг Марказий Осиёдаги собиқ тадқиқотчиси Стив Свердлов журналистлар, адвокатлар ва блогерларга нисбатан доимий таъқиблар қайд этилаётганини айтади:

“Жорий йилда Тожикистон Ислом уйғониши партиясининг фаолиятига тақиқ қўйилганига 10 йил тўлди. Бу давр мобайнида сиёсий сабабларга асосланган қаттиқ жазолар амалга оширилди. Туркиядан ҳам "Гуруҳи 24" етакчилари - Суҳоб Зафар ва Насимжонн Шарипов каби шахслар ўғирланиб, Тожикистонга қайтарилган. Жабрланувчилар рўйхати жуда узун, аммо Тожикистон ҳукуматининг хатоларини тан олиш ва қонунларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, бегуноҳларни озод қилиш бўйича амалий қадамлари жуда кам”.

Одатта Тожикистон ҳукумати халқаро ташкилотларнинг бу каби танқидларига ёки ташвишларига жавоб бермайди. Айни дамда журналистларнинг ҳам бу борадаги саволлари жавобсиз қолади.

Тоғли Бадаҳшон

Тоғли Бадахшон автоном вилояти мамлакатда хавфсизлик ва сиёсий назорат нуқтаи назаридан энг мураккаб ҳудуд ҳисобланади. 2012 йилдан бошлаб Хороғ ва унинг атрофида даврий тўқнашувлар кузатилиб келинган.

2021–2022 йилларда йирик намойишлар ва “аксилтеррор” амалиётлари ўтказилди. Бу жараёнларда бир қанча инсонлар ҳалок бўлди, ўнлаб фаоллар ҳибсга олинди. Халқаро ташкилотлар бу ҳодисаларни инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан жиддий танқид қилди ва айниқса памирий озчилигига нисбатан таъқиблар ҳақида хавотир билдирдилар. Тожик ҳукумати қамалганлар терроризм ва экстремизм айби билан қўлга тушганини маълум қилган.

Ҳуқуқбон Стив Свердлов сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ачинарли эканини билдирди:

Стив Свредлов

“Тожикистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашиб бормоқда. Охирги ўнлаб йиллар давомида кўплаб мутахассислар бугунги вазиятни мамлакат ичидаги энг даҳшатли ҳолатлар билан таққослаш мумкинлигини таъкидлашмоқда. Яъни, юзлаб сиёсий маҳбуслар Тожикистон қамоқхоналарида сақланмоқда, уларнинг кўпчилиги тинч ва эркин фикр билдиргани учун жазоланган. Тожикистоннинг жиноят кодекси ҳам эркин фикр билдириш имкониятини жуда қаттиқ чеклайди, ҳатто ижтимоий тармоқда лайк босгани учун ҳам одамлар қамалган ҳолатлар бор. Журналистлар сони бўйича рекорд даражадаги жазо ҳолатлари кузатилмоқда, тахминан ўн нафар журналист қамоқда. Сўз эркинлиги атрофидаги вазият жуда ачинарли”.

2022-2023 йилларда Тожикистонда танқидий фикрлари билан танилган 10га яқин журналист ва блогер экстремизмга боғлиқ айб билан қамалган. БМТ экспертлари тожик ҳукуматига мурожаат қилиб, уларни озодликка чиқаришга чақирган. Аммо ҳукумат бунга изоҳ бермаган.

Мутахассислар таъкидлашича, мамлакатнинг инсон ҳуқуқларига оид имижига соя солаётган яна бир омиллардан бири – аёллар муаммолари. Жумладан, оилавий зўравонлик ва айрим ҳудудларда турмушга чиқиш арафасидаги қизларнинг бокиралигини мажбурий текшириш ҳолатлари ҳукумат даражасида етарли бартараф этилмаётгани хуқуқбонларнинг танқидларига сабаб бўлиб келмоқда.

Миграция муаммоси

Тожикистон иқтисодиётида меҳнат миграцияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Иш ўринлари етишмаслиги сабабли фуқароларнинг кўпчилиги Россияга иш излаб кетган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, пул ўтказмалари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг деярли ярмини ташкил этади, 2024 йилда бу кўрсаткич 49 % бўлган.

Бироқ, мигрантлар фаолияти нафақат иқтисодий барқарорлик, балки ижтимоий хавфсизлик ва сиёсий жараёнлар билан ҳам узвий боғлиқ. 2024 йил март ойида Москвада содир этилган “Крокус Сити Холл” терактидан сўнг Россия ҳудудида марказий осиёлик мигрантларга, асосан тожикларга нисбатан назорат ва текширувлар кучайтирилган. Бу жараён тожик мигрантлари учун жиддий қийинчиликлар туғдириб, оммавий депортациялар ҳолатини ҳам келтириб чиқарди.

Россиядаги тожикистонлик мигрантлар экани айтилган расм.

Президент Раҳмон бир пайтлар Euronews каналига берган интервьюсида Россиядаги тожикистонлик мигрантлар хақида шундай деганди:

“Тахминан бир миллион тожик мигрантлари Россияда яшайди ва ишлайди. Бу тўғри, аммо улар минтақада бошқа қаерга боришлари мумкин? Улар ўз меҳнати орқали оиласига ёрдам беради ва мамлакат иқтисодига ҳисса қўшади. Тожикистон ҳукумати Россия Федерациясидаги тожик муҳожирларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Россия расмийлари билан яхши келишувларга эга. Менимча, Россия билан муносабатларимиз ва стратегик ҳамкорлигимиз Тожикистонни чекламаган. Биз очиқ эшиклар сиёсатига амал қиламиз”.

Reuters агентлиги 2024 йили чоп этган мақолада Россиянинг мигрантларга нисбатан қатъий сиёсати - Тожикистон иқтисодиёти ва хавфсизлиги учун жиддий муаммо яратиши, яширин сиёсий ва ижтимоий муаммоларни кучайтириши ҳақида огоҳлантирилган

Ташқи сиёсатдаги учта шерик

Таҳлилчиларнинг кузатишича, Тожикистоннинг ташқи сиёсатида ҳозир Россия, Хитой ва Эрон муҳим роль ўйнайди.

Ҳукумат Россияни асосий хавфсизлик ҳамкори деб ҳисоблайди. Москванинг бу ўлкада катта ҳарбий базаси бор.

Хитой эса Тожикистоннинг йирик кредитори ва инфратузилма сармоядори ҳисобланади. Хитой банклари орқали олинган қарзлар Тожикистон 4 миллард долларга яқин ташқи қарзининг катта қисмини ташкил этади.

Эрон билан муносабатлар маданий ва энергетик соҳаларда муҳим.

"Тожикистон ҳақида маълумот кўп эмас, аммо у Марказий Осиёда Хитой олдидаги қарзи энг юқори давлат ҳисобланади. Мамлакатнинг ташқи сиёсати асосан уч йўналишда шаклланган: Хитой ва қўшнилар билан алоқалар, Россия билан иқтисодиёт ва хавфсизлик борасида анъанавий ҳамкорлик, ҳамда сўнгги йилларда қайта жонланган Эрон билан муносабатлар. Шу билан бирга, Тожикистондаги энг муҳим жараён - ҳокимиятни ўтказиш масаласи. Бу нафақат ички сиёсат, балки ташқи муносабатларни ҳам белгилайди. Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасидаги иштирок ва катта миқдордаги қарзлар мамлакат инфратузилмасига сарфланмоқда. Шу боис, Хитой ва Россия учун Тожикистонда ҳокимият алмашинувининг барқарор ўтиши стратегик аҳамиятга эга” - дейди таҳлилчи Димаш Алжанов.

Тожикистоннинг яқин қўшнилари билан йиллар давомида совуб турган алоқаси сўнгги йилларда яхшилана бошлаган.Ўзбекистон билан 2016 йилдан кейин, аниқроғи президент Ислом Каримов вафотидан сўнг муносабатлар сезиларли илиқлашди. Чегаралар очилди, парвозлар тикланди, савдо ва сув-энергетика масалалари бўйича келишувлар имзоланди.

Қирғизистон билан чегарада аниқланмаган ерлар туфайли бир неча бор қонли тўқнашувлар бўлди. Узоқ чўзилган музокаралар 2025 йилда якунланиб, чегара муаммоси биратўла ҳал этилгани эълон қилинди.

Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари.

Эмомали Раҳмон Душанбе қўшнилар билан сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини билдирган. Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари чегаралари кесишган нуқта ҳақидаги келишим ратификация қилинган. Ушбу келишимга уч давлат президенти 2025 йилнинг 31 мартида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида имзо чеккан. Чегаралар кесишган нуқтада рамзий стела ўрнатилган.

Аммо Тожикистоннинг яна бир қўшниси - Афғонистон билан алоқалар ҳозирча тўлиқ ҳал бўлмаган. Чунки Толибон ҳукуматга келган 2021 йилдан кейин хавфсизлик тавакали ўсиб, Душанбе чегара назоратига алоҳида эътибор қарата бошлади.

Дастур бошида Эмомали Раҳмон СССРнинг қулашидан афсуслангани хақида эслатгандик. Орадан 30 йил ўтиб, 2022 йилда Остонадаги “Марказий Осиё – Россия” саммитидаги чиқишида у Москвани минтақа давлатларини ҳурмат қилишга чақиргани турли муҳокамаларга сабаб бўлган.

Душанбе Россиянинг стратегик манфаатларини инобатга олиб келаётганини таъкидлар экан, Раҳмон ўз мамлакатининг манфаатлари ҳам шунча ҳурматга лойиқ эканини уқтирган. Экспертлар бу сўзлар Кремлга Марказий Осиёга, жумладан Тожикистонга тенг ҳуқуқли шерик сифатида муносабатда бўлиш кераклигини эслатди, дейишганди.

Роғун ГЭСи ва сув муаммоси

Марказий Осиёдаги энг катта энергетик лойиҳалардан бири - Роғун ГЭСи ҳозир Тожикистонда қурилмоқда ва у мамлакатнинг келажак электр таъминотида ҳал қилувчи ўрин тутади. У Вахш дарёсида жойлашган бўлиб, қуввати 3600 МВтни ташкил этади. Қурилиш эса асосан халқаро молиявий институтлар кўмагида амалга оширилиши хабар қилинган.

Тожикистон пойтахти Душанбедан 100 км шимолий-шарқда жойлашган Роғун ГEСининг умумий кўриниши.

Президент Эмомали Раҳмон ва бошқа расмийлар Роғун қурилиши хақида гапирганда “энергетик инқилоб” ва “Барқарорлик асоси” сифатида таъкидлайдилар.

Агар у тўлиқ ишга тушса, Тожикистон ўзини электр энергияси билан таъминлай олади деб айтилади. Ортиқча энергия қўшниларга, жумладан Ўзбекистонга сотилади.

Аммо 2025 йил апрелида “Чегарасиз дарёлар” халқаро ташкилоти Жаҳон банкнинг Экология ҳамжамият инспекциясига Роғун лойиҳаси оид шикоят тақдим этган. Улар экотизимдаги салбий ўзгаришларга, шу жумладан Амударёнинг деградациясига чора кўрилмаганини қайд этишган. Бу талқинларга кўра, Роғун бу ҳудуддаги экологик мувозанатни бузувчи “оғир қурилиш” сифатида кўрилмоқда.

Ҳовлидаги қудуқдан сув олаётган онахон. Хатлон вилояти.

Марказий Осиёнинг ярмидан кўп сув ресурслари Тожикистон ҳудудида бўлса да, аҳолисининг катта қисми ҳанузгача ичимлик суви муаммосидан қийналиши айтилади. Бунга сув ҳавзаларининг асосий қисми тоғларда экани сабаб қилиб кўрсатилади.

Озоди радиоси расмий хабарларга таянган ҳолда маълум қилишича, Тожикистон ҳукумати аҳолининг 72 фоизини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қиймати 3 миллиард сомони (тақрибан 324 миллион АҚШ доллари) бўлган дастурни эълон қилган.

2022 йилнинг расмий статистикасига кўра, аҳолининг фақат 41 фоизи марказлаштирилган сув таъминотидан фойдаланади, уларнинг асосий қисми шаҳар аҳолиси ҳисобланади. Энг мураккаб вазият Хатлон вилоятида кузатилмоқда, бу ерда аҳолининг чорак қисми ҳам тоза ичимлик сувига эга эмас.

Тожикистон ҳукуматининг режасига кўра, мамлакатдаги сув танқислиги 2029 йилга қадар қисман бартараф этилиши лозим.

Ташқи кўринишга эътибор

Тожикистонда халқаро сиёсий тадбирлар ёки бошқа давлат раҳбарларининг ташрифлари чоғида шаҳар кўчалари байрамона тарзда кенг кўламда безатилади. Йўллар, майдонлар ва муҳим бинолар миллий орнаментлар, байроқлар ва гуллар билан тўлдирилади.

Меҳмонларни кутиб олиш жараёнида хонандалар, созандалар ва раққосалар иштирокида концертлар уюштирилади. Ҳукумат топшириғига биноан, миллий кийимдаги қизлар ва йигитлар йўл бўйига турнақатор тизилиб, маросимларда фаол қатнашадилар.

Бу каби тадбирлар мамлакатнинг меҳмондўстлик анъаналари ва миллий қадриятларини намоён этиш воситаси сифатида қабул қилинади. Шу билан бирга, баъзи кузатувчилар буни расмий маросимлардаги ортиқча безак ва ташқи кўринишга катта урғу беришнинг устунлиги сифатида баҳолашади.

Тожикистонлик артистлар.

Мустақилликдан бери Тожикистон аҳолиси 10 миллионга яқинлашди. Шу йилларда жой номларини тожикчалаштириш жараёни кучайди: Совет давридаги ёки тарихий этник сабабларга боғлиқ топонимлар ўзгартирилди. Натижада кўплаб шаҳар ва қишлоқлар қайта ном олди. Бироқ бу жараёнда ўнлаб манзилларга бир хил номлар берилгани кузатилади. Расмий маълумотларга кўра, ҳозир мамлакатда 41та Гулистон, 31та Ваҳдат, 26та Бўстон, 25та Истиқлол, 15та Баҳористон деб аталадиган қишлоқ мавжуд.