Россия Думасида миллионлаб меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари ва муҳими, уйига жўнатаётган пул миқдорини чеклашга оид қонун лойиҳаси таклиф қилинди.
Таклиф ташаббусчилари, муҳожирлар ўз юртига жўнатаётгани пул ҳажми ошиб кетганидан хавотирда.
Россия Думасидаги "Янги одамлар" ("Новые люди") фракцияси киритган қонун лойиҳасида, меҳнат муҳожирлари ўз маошидан ортиқ суммадаги пулни чет элга жўнатишини тақиқлаш сўралган.
ТАСС агентлигига кўра, ташаббусчилар 2023 йилда муҳожирлари юртига пул жўнатмаси бўйича рекорд ўрнатгани - 18 млрд доллардан ошиқ пулни хорижга жўнатганидан хавотирда.
Депутатларга кўра, муҳожирлар бу пулнинг катта қисмини норасмий тарзда ишлаб топмоқда ва бунда ҳам улар, ҳам иш берувчилар солиқдан қочмоқда.
"Амалдаги қонунчилик меҳнат муҳожирлари томонидан чет элга жўнатилаётган маблағларнинг расмий даромадларига мослигини самарали назорат қилиш механизмларини назарда тутмайди", дея ҳужжатдан иқтибос келтирди ТАСС агентлиги.
Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, бундан буён муҳожирлар жўнатаётган пулини қаердан олганига оид ҳужжат, мисол учун, ойлик маоши ёки бошқа тўловларга оид ҳужжатни тақдим қилиши керак.
Ҳозирча, лойиҳа муҳокамада. Аммо қабул қилинса, нафақат муҳожир оилалари, балки хориждан пул тушумига боғлиқ - Ўзбекистон молиявий секторига ҳам таъсир қилиши мумкинлиги кутилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Марказий Банки жорий йил январ-март ойларида пул ўтказмалари ҳажми 32 фоизга ошгани ва бунга хорижга мигрантлар оқими ошгани сабаб эканини билдирган. 2024 йилда эса бу сумма 14,8 млрд. долларга етган, бунинг 77 фоизи ёки 11 ярим млрд. Россиядан жўнатилган.
Ўзбекистонда хориж валютасидаги пул муомаласи Россияда юрган миллионлаб меҳнат муҳожири жўнатмасига таяниб қолганини иқтисодчилар йиллардан буён таъкидлаб келади.
Шунингдек, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” фракцияси ҳам меҳнат муҳожирлари оила аъзоларининг Россияга кириши ва яшашини тақиқлашни таклиф қилмоқда.
Бу фракция киритган қонун лойиҳасига кўра, шу йўл билан ҳукумат миграцион оқимни 15–20 фоизга камайтиради ҳамда ижтимоий инфратузилмага тушаётган юк: таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотга кетадиган бюджет пулини қисқартиришга эришади.