17 сентябр куни Наманганда ўтган "Камбағалликдан фаровонлик сари" форумида президент мамлакат тараққиётини статистик маълумотлар билан асослашга уринди. Экспертлар эса унинг 2017 йилнинг 22 декабрида декабрида парламентдаги мурожаатида айтган гапларини эслатмоқда: ўшанда Мирзиёев расмий ҳисоботлардаги рақамларни реалликдан узоқ, “муваффақиятлар”ни эса ҳақиқатни тўлиқ акс эттирмайди, деган.
Орадан саккиз йилча вақт ўтиб, Мирзиёевнинг Намангандаги нутқида айтган рақамларини ва ривожланиш кўрсаткичини халқаро ҳисоботлар билан солиштириб кўрамиз.
Президент ваъдаси vs Жаҳон банки прогнози
Президентинг нутқининг матни president.uz сайтида ҳам чоп этилди. Унда Мирзиёев ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этаётганини таъкидлаган.
"Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қилмоқда. Шуларни инобатга олиб, бугун янги, янада юқори маррани белгилаб олишга тайёрмиз. 2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш учун барча имкониятларимиз бор ва биз буни албатта уддалаймиз!" - деган президент.
Лекин “халқаро мезонлар” деганда қайси ташкилот ёки қайси ҳисобот назарда тутилганига аниқлик киритилмаган. Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев бу борада Озодликка шундай фикр билдирди:
“Масалан, Европадаги ривожланган давлатларда ҳам камбағаллар бор. Улар “камбағалликни йўқотамиз” демайди, балки “камбағаллик даражасини камайтириш”ни мақсад қилиб қўяди. Америка Қўшма Штатларида кунига 4,5 доллардан кам даромадга эга инсон камбағал ҳисобланади. Шу боис, Наманганда Мирзиёев айтган “камбағалликни йўқотамиз” деган гапни “камбағалликни камайтириш” деб тушуниш керак”.
Жаҳон банкининг ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон ҳали ҳам жон бошига даромади паст мамлакатлар қаторида. Ташкилотнинг жорий йилнинг баҳорида тайёрлаган “Тадбиркорлик, технология ва инновациялар орқали ўсишни тезлаштириш” номли ҳисоботида Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳолат таҳлил қилинган. 2023 йил мезонига кўра, юқори даромадли давлат мақомига етиш учун жон бошига камида 14 005 доллар даромад талаб этилади.
Мирзиёев бу ҳисобот хақида ўз нутқида айтмаган, лекин йил якуни билан аҳолининг жон бошига даромади 3500 долларга етишини билдирган:
"Изчил ислоҳотларимиз туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача уни 6 фоизгача камайтиришни мақсад қилганмиз. Албатта, қисқа муддатда бундай натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ўтган даврда иқтисодиётимиз 2 карра ўсгани, йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда".
Айрим кузатувчилар Ўзбекистонда 2024 йилда жон бошига даромад кўрсаткичи 3 094 доллар бўлганини таъкидлашмоқда.
Президент сўнгги беш йилда 7,5 миллион киши камбағалликдан чиққани ва 2023 йилда камбағаллик даражаси 8,9%га тушганини ҳам айтди. Бироқ Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2023 йилда бу кўрсаткич 11% атрофида бўлган. Мирзиёев келтирган рақамлар фақат миллий ҳисоб-китобларда акс этган, халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланмаган.
“Камбағалликни йил охиригача 6 фоизга туширамиз, дейишяпти. Маълум бир йилни айтиб, “Ўзбекистонда мутлақ камбағаллик бўлмайди”, деб эълон қилди. Бунинг ёлғон эканини ҳамма билиб турибди. Лекин Ўзбекистонда бирор бир матбуот уни чуқур таҳлил қилмайди. Президент айтган маълумотни ҳақиқат сифатида эълон қилишдан уялишмайди” - дейди сиёсатчи, рўйхатга олинмаган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси етакчиси Хидирназар Аллақулов.
Таҳлилчи Сапарбой Жубаевнинг эса маҳаллий ахборот воситалари бўйича фикри қуйидагича:
“Бу, аввало, ахборот воситасининг мақсадига боғлиқ. Агар у давлат томонидан молиялаштирилса, албатта давлат сиёсатига тарғиб қилиши керак, “тўғри” деб айтиши керак ва нима учун тўғри эканини тушунтириб бериши керак. Эркин фикрлайдиган ахборот воситалари эса маълумотни ўзлари таҳлил қилиб, сўнгра баён этади”.
Президент шунингдек ўз нутқида дунёда камбағаллар сони 650 миллиондан 800 миллионгача кўпайганини қўшимчалаган. Халқаро маълумотлар ҳам деярли буни тасдиқлайди: Жаҳон банкининг янги ҳисоб стандартига кўра, 2022–2023 йилларда 820-840 миллион одам қашшоқликда яшайди.
“Янги Ўзбекистон модели”
Мирзиёев камбағалликни қисқартириш бўйича янги ташаббуслар ва тажрибалар синовдан ўтказилаётганини, шу асосда “Янги Ўзбекистон модели” шакллантирилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида мамлакатда 800 минг оилага бепул дори-дармон, 255 минг оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, яна 1 миллион 200 минг оилага ижтимоий нафақалар тақдим этилган.
Бироқ “Янги Ўзбекистон модели” атамаси ҳозирча фақат расмий нутқларда учрайди, уни халқаро ташкилотлар ёки мустақил манбаларда тасдиқловчи маълумотлар мавжуд эмас.
“Албатта, ҳар бир давлат ўзининг қилган ишлари ва ижтимоий ёрдамлари ҳақида гапиради. “Кўрдингизми, биз ёрдам беряпмиз”, дейишади. Агар пандемияда Ўзбекистонда 1 миллиондан кўп одамга ёрдам берилган бўлса, Қозоғистонда 4,5 миллион одам ёрдам олган. АҚШда эса аҳолининг 90 фоизи ижтимоий ёрдамдан фойдаланган. Албатта, бу давлатнинг молиявий имкониятларига боғлиқ” - дейди иқтисодчи Сапарбой Жубаев.
Президент 2025 йилда Ўзбекистондаги ижтимоий дастурларга 8 миллиард доллар ажратилгани ва натижада 5,2 миллион киши камбағалликдан чиққанини ҳам айтди.
Шунингдек, Жаҳон банки билан 100 миллион долларлик лойиҳа, Ислом тараққиёт банки билан 5 миллиард долларлик портфель мавжудлигини билдирди.
Бу маълумотлар расмий тасдиқланган. Ислом тараққиёт банки ва Жаҳон банки ҳам ушбу ҳамкорликни очиқ эълон қилган. Бироқ 8 миллиард доллар ва 5,2 миллион киши ҳақидаги рақамлар фақат миллий ҳисобларда келтирилган.
Ўзбекистонлик мигрантлар Россиянинг Астрахан вилоятидаги далаларда помидор кўчатларини экяпти. 2024 йил май.
Глобал иқтисодга назар
Шавкат Мирзиёев глобал ҳаёт хақида ҳам сўзлаб, 2015 йилдан буён жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръати ўртача 3% ташкил этишини таъкидлаган.
Халқаро Валюта Жамғармаси ва Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2015–2023 йилларда жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръати 2,5–3,1% оралиғида бўлган. Масалан, 2020 йилда пандемия туфайли жаҳон иқтисодиёти кескин пасайган, кейинги йилларда эса тикланиш кузатилган. Экспертлар фикрича, Мирзиёев келтирган рақам умумий манзарадан узоқ эмас, фақат ўртача кўрсаткични давр бўйича тенг тақсимлаб айтган.
Президент 2025 йилда 35 миллиард доллар сармоя эвазига 9 мингдан ортиқ корхона ва 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни яратилаётганини айтиб ўтди. Очиқ манбаларда эса ҳар бир иш ўрни ёки корхона ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Шу билан бирган, чет элга иш излаб чиқиб кетаётган ўзбекистонликлар сони камаймаган.
Хулоса қилиб айтганда, айрим таҳлилларга кўра, президент келтирган рақамлар асосан ҳукумат прогнозлари ва миллий ҳисоботларга таянади. Улар халқаро ташкилотлар, жумладан Жаҳон банки маълумотлари билан баъзи жиҳатларда тўлиқ мос келмаслиги мумкин. Шу боис ҳукуматнинг 2030 йилгача мутлақ камбағалликка барҳам бериш мақсадини экспертлар юқори даражадаги оптимизм сифатида баҳолашяпти.