Диний блогер Мубашшир Аҳмад қидирувга берилди

Мубашшир Аҳмад (архив сурати)

Ўзбекистонда Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний блогер, Azon Global портали асосчиси Алишер Турсунов қидирувга берилди.

Qalampir.uz нашрининг Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга таянган ҳолда ёзишича, Алишер Аҳмадович Турсунов Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Мубашшир Аҳмад 2023 йил 28 декабрь куни Истанбулда Туркия полицияси томонидан қўлга олинган эди.

Қарийб икки ой давомида Истанбулнинг Чаталжа туманида жойлашган Бинқилич депортация марказида ушлаб турилган Мубашшир Аҳмад 2024 йил 21 февраль куни қўйиб юборилган.

2023 йилнинг 6 август куни “Азон медиа” гуруҳи раҳбари бўлган Мубашшир Аҳмад гуруҳга кирувчи барча лойиҳаларининг тўхтатилганини эълон қилганди. “Азон медиа” 2017 йилда Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишда фаолият юритувчи онлайн медиа тармоғи сифатида ташкил қилинган.

Ижтимоий тармоқларда 1,2 миллион обуначисига эга бўлган “Азон медиа” таъсисчиси Ўзбекистондаги фаолият якунланганига оид сабабларга изоҳ бермаган.

2023 йил ноябрида Мубашшир Аҳмад раҳбарлигида ўзбек, рус, инглиз ва турк тилларида фаолият юритувчи Azon Global ахборот таҳлилий портали ишга туширилган.

Айни пайтда Туркияда истиқомат қилаётган Мубашшир Аҳмад 1974 йили Наманганда туғилган. 1991-1996 йилларда Тошкент Ислом институти ва Мисрдаги “Ал-Азҳар” университетларида таълим олган. “Ўзбекистон мусулмонлари” (ҳозирги “Ҳидоят”), Fikrat журналларида ва “Ислом нури” газетасида ишлаган. Бир муддат Тошкент ислом институтида дарс берган, Ўзбекистон мусулмонлар идорасида фаолият юритган.