Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижонда Effect.uz журналистининг калтакланганини қоралади.
Ўз расмий Телеграм-канали орқали тарқатган баёнотда уюшма журналистни калтаклаган шахслар хатти-ҳаракатларига муносиб ҳуқуқий баҳо берилишига ва тегишли чоралар кўрилишига ишонч билдирган ҳамда Бош прокуратурадан ишни ўз назоратига олишини сўраган.
Журналистлар уюшмаси Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳам айни вазият юзасидан тезкор муносабат билдириши ҳамда хизмат текшируви ўтказиши лозим, деб ҳисоблашини қайд этган.
Андижонда Effect.uz нашри мухбири калтаклангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Сайт ўз ходимлари “Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгаши раиси Раҳим Собировичнинг ўғли томонидан калтакланган”ини очиқлаган.
Журналистлар уюшмаси Андижондаги каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид эканлигини алоҳида қайд этган.