"Сукут — жазосизлик аломати". Ҳуқуқ ҳимоячилари АҚШни C5+1 саммитида сиёсий репрессиялар ҳақида гапиришга чақиришди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) ва АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Америкадаги нодавлат нотижорат ташкилоти Amnesty International USA (халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Amnesty International таркибига киради) АҚШ сиёсатчиларини C5+1 саммити кун тартибида инсон ҳуқуқларини асосий мавзуга айлантиришга чақирди. Саммит доирасида президент Трамп Марказий Осиё давлатлари лидерларини қабул қилади.

Amnesty International USA таъкидлашича, мазкур саммит илк бор Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларини Вашингтонда C5+1 форматида бир жойга тўплайди. Бу эса минтақадаги оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва фуқаролик жамиятига нисбатан давом этаётган босимни муҳокама қилиш учун муҳим имкониятдир.

“Марказий Осиёда авторитар амалиётлар кучайиб бораётган бир пайтда президент Трамп минтақа раҳбарларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида амалий қадам ташлашга чақириши жуда муҳим,” — деди Amnesty International USAнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Бен Линден.

“Бу саммит АҚШ учун синовдир — мамлакат инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий рол ўйнай олишини ва бу учрашув фақат сиёсий ҳамда иқтисодий манфаатлар алмашинувига айланиб қолмаслигини кўрсатиш имкониятидир,” — дея қўшимча қилди у.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”

Amnesty International’нинг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг барча давлатларида ҳокимият норозиликларни бостириш ва асосий ҳуқуқ ҳамда эркинликларни чеклашда давом этмоқда. ОАВ ва фуқаролик жамияти устидан назорат кучайиб, одамлар фикр билдириш, йиғилиш ва бирлашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмоқда. Журналистлар сукут сақлашга мажбурланмоқда, нодавлат ташкилотлар эса ёпилиб кетиш хавфи остида. Минтақадаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари доимий таҳдид, қўрқитиш, суд таъқиблари ва асоссиз қамоқларга учрамоқда.

Amnesty International мисол сифатида тожикистонлик ҳуқуқшунос ва сиёсий маҳкум Бузургмехр Ёровни келтиради. У инсон ҳуқуқларини тинч йўл билан ҳимоя қилгани учун 28 йил озодликдан маҳрум этилган.

“Агар президент Трамп бу масалаларни кўтармаса, Конгресс аъзолари аралашиб, Марказий Осиё ҳукуматларидан фуқаролик жамияти ва ҳимоясиз гуруҳларга нисбатан босимни тўхтатишни талаб қилиши керак. Саммитдаги сукут жазосизлик белгиси сифатида қабул қилинади ва бу ҳукуматларга репрессияларни давом эттиришга йўл очиб беради. Америка сиёсатчилари инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашишни талаб қилиб, фуқаролик жамияти эркин фаолият юрита оладиган муҳитни таъминлаши шарт,” — деди Бен Линден.

Amnesty International USA шунингдек, саммит якунларида тузилиши мумкин бўлган барча келишувлар, жумладан нодир металлар қазиб олишга оид лойиҳалар устидан Конгресс назорат ўрнатишини талаб қилди.

“Бундай келишувларда маҳаллий аҳоли ва фуқаролик жамияти вакиллари билан очиқ маслаҳатлашув ўтказиш мажбуриятини белгилайдиган шартлар бўлиши лозим. Бу уларнинг қонуний экологик ва ҳуқуқий хавотирларини лойиҳалар бошланишидан олдин инобатга олиш учун зарур,” — дейилади Amnesty International USA баёнотида.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

АҚШдаги ўзбекларга нима бўлади?

Amnesty International’дан ташқари, Норвегия Хельсинки қўмитаси (НХҚ) ҳам АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини инсон ҳуқуқларига риоя қилишга чақирди.

НХҚнинг маълум қилишича, саммит иштирокчилари Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сўнгги йиллардаги эркинликлар пасайишини эътиборсиз қолдирмаслиги керак. Қўмита фикрича, АҚШ маъмурияти бу фурсатдан фойдаланиб, минтақадаги давлатлар билан инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида аниқ илгарилашга эришган ҳолда яқинроқ муносабатлар ўрнатиши мумкин.

Шу билан бир вақтда, НХҚнинг таъкидлашича, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари ҳам АҚШни демократик принциплардан чекинишни тўхтатишга ва инсон ҳуқуқлари соҳасида вазиятни яхшилаш бўйича амалий қадамлар қўйишга чақиришлари мумкин.

Ташкилот шунингдек, Россия томонидан ёлланма сифатида Украинадаги урушга жалб қилинган Марказий осиёлик мигрантлар ўлими ва Россия ичидаги камситиш ҳолатларини эсга солди.

Норвегия Хельсинки қўмитаси фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари президентлари Дональд Трампни халқаро инсон ҳуқуқлари механизмлари билан ҳамкорликка қайтишга чақиришлари лозим.

6 ноябр куни АҚШ Вашингтонда Марказий Осиёнинг беш давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларини C5+1 саммитида қабул қилади. Муҳокамаларнинг асосий мавзулари энергетика, стратегик ресурсларга сармоялар, савдо йўллари ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўлиши кутилмоқда.