Жиззахда кўприк остига ташлаб кетилган бир кунлик чақалоқ жасади топилди

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида 23 март куни янги туғилган чақалоқнинг жонсиз жасади топилди. Гувоҳларнинг Озодликка билдиришича, чақалоқ жасади Кўкгумбаз қишлоғи кўприги остидан бошига қора салафан пакет кийдириб ўлдирилган холда топилган.

Ғаллаорол тумани Ички ишлар бўлими расмийси Озодлик билан суҳбатда чақалоқнинг ДНК анализи асосида унинг онаси қидирилаётганини айтди.

Жиззах вилояти прокуратураси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 99-моддаси - "Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши" моддаси билан жиноят иши қўзғаган.

Тергов доирасида милиция Жиззахнинг Ғаллаорол ва унга қўшни туманлардаги туғруқхоналарда ишлайдиган ва ишламайдиган дояларни сўроқ қилмоқда.

“Кўкгумбаз қишлоғи Жиззах-Самарқанд трассасига яқин бўлгани учун бошқа туман ёки вилоятдан ташлаб кетилган бўлиши мумкин”, - деди мулозим.

Ҳозирча жиноят мотиви ва жиноятга доир бошқа тафсилотлар Озодликка маълум эмас.

Бу Ўзбекистонда бола туғилиши билан ўлдириб ташлаб кетилгани билан боғлиқ сўнгги бир ой ичида Озодлик ёритган учинчи холатдир.

Шу ой бошида Сурхондарёнинг Қизириқ туманида чақалоғини бўғиб ўлдириб¸ кўлга ташлаб кетгани гумонланаётган аёл қўлга олинган эди.

Сурхондарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари янги туғилган боласини ўлдириб, кўлга ташлаганликда гумонланаётган аёл Қизириқ тумани Педагогика коллежининг 2-курс ўқувчиси эканини маълум қилганди.

Феврал ойи оҳирида эса Наманган шаҳрининг Сардоба маҳалласидаги чиқиндихона олдига янги туғилган чақалоқ жасади қора рангли целофан пакетга солинган ҳолатда ташлаб кетилганлиги ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда турмушга чиқмасидан ҳомиладор бўлган қизлар маҳаллада иснодга қолиш ёки болани отасиз катта қилиш харажатларидан қўрқиб, туққан болаларини ташлаб кетиши холатлари кўп кузатилади.