Охирги ҳафталарда Австралия, Малайзия, Таиланд ва Япония билан нодир металлар соҳасида қатор битимлар имзолаган АҚШ Президенти Дональд Трамп энди эътиборини Марказий Осиёга қаратмоқда. У минтақа раҳбарларини Вашингтонда юқори даражадаги саммитда қабул қилади.
Марказий Осиё давлатлари нефть ва газ захиралари билан танилган бўлса-да, минтақада йирик, ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган нодир ер элементлари захиралари ҳам мавжуд. Бу элементлар АҚШ миллий хавфсизлиги учун муҳим деб ҳисобланади.
Мавзуга алоқадор Нодир металлар: Ўзбекистон ва минтақа давлатлари Хитойнинг ўрнини боса оладими?Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўз нодир ер бойликларини АҚШ билан яқинроқ алоқаларга айлантиришни кўзламоқда. Оқ уй эса янги шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилмоқда.
“Марказий осиёликлар катта нодир ер элементлари захиралари ва "Ўрта йўлак" лойиҳасига ортган сармоялари туфайли яхши позицияга эга”, — дейди Вашингтонда жойлашган Йорктаун институтининг Турон тадқиқот маркази директори Жозеф Эпштейн Озодлик билан суҳбатда. "Ўрта йўлак" - Хитойни Россияни четлаб ўтган ҳолда Европа билан боғлайдиган 6 500 км узунликдаги савдо йўли.
6 ноябрдаги саммит Трампнинг Осиё-Тинч океани бўйлаб “нодир металлар дипломатияси” ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашувидан сўнг ўтказилмоқда. Икки давлат ўртасидаги савдо уруши қисман Пекиннинг стратегик аҳамиятга эга нодир ер элементларига қўйган экспорт чекловлари туфайли кескинлашган эди.
Хитой ҳозирда жаҳон таъминот занжирларига қаттиқ назорат ўрнатган: дунёда қазиб олинаётган нодир металларнинг 70 фоизидан ортиғини, уларни ажратиш ва қайта ишлашнинг 90 фоизини ҳамда магнит ишлаб чиқаришнинг 93 фоизини назорат қилади.
Си Цзиньпин Трамп билан учрашувидан сўнг айрим чекловларни бир йилга тўхтатишга рози бўлганидан кейин, Вашингтон энди Хитойнинг соҳадаги қарийб монополиясини йўқотиш устида иш олиб бормоқда.
Муттахассисларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё бу жараёнда қулай ҳамкор ҳисобланади. Минтақадаги ҳукуматлар Хитой ва Россия таъсирини мувозанатлаш ҳамда уларга ортиқча боғланиб қолмаслик учун АҚШ сармояларини жалб этмоқчи.
“Ҳам Пекин, ҳам Вашингтон ушбу танаффусдан фойдаланиб, кейинги савдо музокараларида кучлироқ позицияни эгаллашни истайди”, — деди Эпштейн. “Бу ҳолат АҚШни Марказий Осиё давлатлари учун кўп векторли ташқи сиёсатларини сақлашда янада муҳим мувозанат кучига айлантиради.”
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Вашингтондаги кун тартибида нима бор?
Трамп қайта ҳокимиятга келганидан бери Оқ уй кун тартибини энг кўп белгилаб берган мавзулардан бири — нодир металлардир. Бу мамлакат миллий ва иқтисодий хавфсизлиги учун муҳим ҳисобланган тахминан 50 хил ноёб ер элементларини ўз ичига олади. Улар орасида шамол турбиналаридан тортиб смартфонлар ва қирувчи учоқларларгача қўлланадиган 17 хил нодир ер элементлари ҳам бор.
“Бу Марказий Осиё раҳбарлари учун иқтисодий истиқболни яхшилаш ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларни тез жалб қилишнинг янги имконияти бўлиши мумкин,” — дейди Nightingale Intelligence таҳлил маркази раҳбари Элданиз Ҳусейнов Озодликка.
Минтақанинг нодир ер бойликларидан ташқари, йиғилишда энергетика логистикаси, инфратузилмага сармоялар, АҚШдан технологиялар , таълим алмашинуви ва сув ресурсларини бошқариш ҳам муҳокама қилинади.
Марказий Осиёнинг собиқ Совет иттифоқи таркибида бўлган автократик республикалари йиллар давомида инсон ҳуқуқларини оммавий равишда бузишда айбланиб келган. Аммо бу масала саммитда асосий мавзулар қаторида бўлиши кутилмаяпти. Бу эса ҳуқуқ ҳимоячилари орасида хавотир уйғотган.
“Марказий Осиё–АҚШ саммитида инсон ҳуқуқлари асосий мавзу бўлиши керак, айниқса минтақада репрессиялар кучайиб бораётган бир пайтда,” — деди Human Rights Watch'нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳью Уильямсон. “Агар халқаро ҳамкорлар барқарор муҳитни бошқа жойда излашса, иштирокчи мамлакатлар ижтимоий ва иқтисодий ютуқларини йўқотиш хавфига дуч келади.”
2015 йилда АҚШ Давлат котиби Жон Керри иштирок этган вазирлар даражасидаги учрашув билан йўлга қўйилган C5+1 формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасидаги энг муҳим мулоқот майдони бўлиб келмоқда.
Бу йилги саммит тарихда иккинчи марта президентлар даражасида ўтказилади ва минтақа давлатлари бундан фойдаланишга интиляпти.
Қозоғистон Трамп маъмуриятидан Жексон–Вэник давридан қолган савдо чекловларини бекор қилиш бўйича Республикачилар назоратидаги Конгресс билан ишлашни сўраши кутилмоқда. Бу қонун бозор иқтисодиёти мавжуд бўлмаган давлатларга нисбатан савдо чекловларини ўрнатган эди.
Саммит олдидан Оқ уй АҚШ Мудофаа вазирлиги қурол-яроғ ишлаб чиқаришда қўллайдиган вольфрамнинг дунёдаги энг катта ўзлаштирилмаган конларидан бири — Қозоғистондаги захиралардан фойдаланиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.
Bloomberg хабарига кўра, АҚШ Савдо вазири Ҳовард Лютник АҚШнинг Cove Kaz Capital Group LLC компанияси ва Қозоғистоннинг давлат сармоя жамғармаси ўртасида икки улкан конни ривожлантириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
АҚШ элчихонаси: "Мирзиёев матбуот эркинлигини қўллашига ишонамиз"
Марказий Осиё Трамп маъмуриятидан нима истайди?
Марказий Осиё раҳбарлари ўз олдиларидаги имкониятни яхши англаб туришибди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 500 миллион долларлик нодир ер металлари лойиҳаларини амалга ошириш режаларини эълон қилди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев эса бу йил парламентда сўзлар экан, нодир ер металларини “янги нефть” деб таърифлади ва уларни ривожлантиришни “устувор вазифа” деб атади.
Бироқ минтақадаги кўплаб захиралар ҳали ўрганилмаган ёки ишга солинмаган, баъзи ҳолларда улар ҳақидаги маълумотлар ҳануз совет давридаги геологик тадқиқотларга асосланган.
Масалан, Қозоғистон апрель ойида 20 миллион тоннадан ортиқ нодир ер элементлари топилганини маълум қилди. Бу маълумот ҳали халқаро компаниялар томонидан тасдиқланмаган. Агар рост бўлса, Қозоғистонни Хитой ва Бразилиядан кейин дунёдаги учинчи катта захирага эга мамлакатга айлантиради.
АҚШнинг Қозоғистондаги собиқ элчиси, RAND корпорацияси катта илмий ходими Уильям Кортнининг таъкидлашича, Марказий Осиё ҳукуматлари АҚШ билан нодир ер элементларини излаб топиш, қазиб чиқариш ва экспорт қилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни истайди ва айниқса, уларни қайта ишлашга сармоя жалб этишдан манфаатдор.
Нодир ер металларини қайта ишлашда Хитой деярли тўлиқ монополияга эга. Бу ундаги кўп йиллик сармоялар ва атроф-муҳит ифлосланишига қарши чекловларнинг кўп эмаслиги туфайли амалга ошган.
“Хитойнинг қайта ишлашдаги монополияси таъминотдан ҳам муҳимроқ,” — дейди Кортни. “АҚШ рақобат қилишни истаса, қонун-қоидалари юмшоқроқ бўлган бошқа мамлакатларда қайта ишлашни йўлга қўйиши керак бўлади.”
Марказий Осиёнинг кўплаб мамлакатлари қазиб олувчи компанияларни жалб қилиш учун қонунларини мослаштирган, аммо АҚШ сармояларини кенгроқ жалб этиш учун ҳали ҳам хорижий капитал киришига тўсиқ бўлаётган қоидаларни енгиллаштириш зарур. Бу масала ҳам саммит кун тартибига киритилган.
Шу билан бирга, минтақадаги яна бир асосий мақсад — логистика йўлларига кўпроқ сармоя жалб қилиш.
“Ўрта йўлак” (расмий номи — Транскаспий транспорт йўлаги) минтақа нодир ер бойликларини ташишнинг асосий артерияси бўлади. Йўлга Европа, Хитой ва Араб кўрфази давлатларидан сармоялар киритилган. Марказий Осиё раҳбарлари эса АҚШнинг нодир металларга бўлган қизиқиши бу йўналишга янада кўпроқ сармоя жалб этишига ишонмоқда.
“Нодир металлар ва уларни қайта ишлашга эътибор қаратилиши ҳам ‘Ўрта йўлак’ни мустаҳкамлашга ёрдам беради,” — дейди Ҳусейнов.