Танловда Москванинг бевосита аралашуви кузатилгани ва маданий тадбирнинг сиёсий рақобатга айланиб кетгани ҳақида фикрлар билдирилмоқда.
Украинадаги уруш туфайли уч йил аввал Eurovision танловидан четлатилган Россия Совет давридаги “Интервидение” форматидаги мусиқий мусобақани қайта тиклаган.
Финал 20 сентябр куни Москвадаги Live Arena саҳнасида бўлиб ўтди. Унда МДҲ, Лотин Америкаси, Осиё ва Африкадан 21 давлат вакили иштирок этди. Ғолиблар халқ овозисиз, ҳакамлар ҳайъати қарори билан аниқланди.
Биринчи ўринни Phu Dong Thien Vuong асарини ижро этган вьетнамлик хонанда Дик Фук қўлга киритди, у ҳакамлардан 422 балл тўплади. Ғолибга 30 миллион рубль ва кристалл кубок топширилди.
Иккинчи ўринни Қирғизистон номидан қатнашган Nomad триоси, учинчи ўринни эса Қатардан келган Дана Ал-Марға эгаллади.
Ўзбекистон номидан борган Шохруҳ Ғаниев эса "Миллий терма" ижроси билан ўнинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Айрим томошабинлар ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик хонанданинг иштирокини муҳокама қилар экан, қўшиқ танлаш борасида турли фикрларни билдиришмоқда. Кўпчиликнинг фикрича, миллий қўшиқлар мазмунан бой ва таъсирли бўлса-да, уларнинг услуби халқаро танлов йўналишига тўлиқ мос келмаслиги мумкин. Ўзбекистон томони танловга хонанда юбораётганда асосан миллийликка урғу бергани, халқаро конкурс талаблари ва шоу форматининг хусусиятлари етарлича инобатга олинмагани ҳақида мулоҳазалар юзага келди.
Танловда энг кўп муҳокамага сабаб бўлган воқеа - америкалик-австралиялик хонанда Vassy’нинг финалда иштирок этмаслиги бўлди. У АҚШ номидан чиқиши керак эди. Россиялик ташкилотчилар буни “Австралия ҳукуматининг босими” деб баҳолаб, вазиятни “маданий цензура” деб аташди. Австралия томони эса расмий тақиқ бўлмаганини, фақатгина хонанданинг обрўсига хавф туғилиши ҳақида огоҳлантирилганини билдирди. Vassy Instagram’да “ҳайронлиги, вазиятни тушуниш учун вақт кераклигини” ёзди.
1983 йилда Дарвинда туғилган Vassy поп, EDM ва dance жанрларида ижод қилади. У Австралия ва АҚШ фуқаролигига эга.
Танлов аввалида Россия президенти Владимир Путиннинг видео мурожаати намойиш этилди. У “Интервидение”ни маданий мулоқот рамзи сифатида таърифлаб, “мусиқа халқларни бирлаштиради” деган фикрни билдирди. Аммо таҳлилчилар орасида бу баёнот ортида сиёсий мақсадлар борлиги ҳақида мулоҳазалар айтилмоқда.
Reuters агентлиги ёзишича, танловда дастлаб 23 давлат иштирок этиши кутилган. Россия номидан қатнашган, саҳнада Shaman номи билан танилган Ярослав Дронов танлов Москвада ўтказилаётгани сабабли ҳакамлардан ўз ижросини баҳоламасликни сўраган. АҚШдан келган Vassy ҳам финалда қатнашмагани боис, 21 давлат вакили мусобақалашди.
Танлов Россия телеканаллари ва интернет орқали жонли эфирда намойиш этилди. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, дунё бўйлаб уни 4 миллиарддан ортиқ томошабин кузатган. Аммо танловнинг YouTube саҳифасидаги каналидаги кўришлар сони ўша куни 90 минг атрофида бўлган.
Икки рус тилидаги бошловчидан ташқари, шоу жамоасида инглиз тилида гапирувчи ҳинд бошловчи ва хитой тилида гапирувчи хитойлик бошловчи бўлди.
Танловнинг Кремль томонидан тўғридан-тўғри назорат қилингани ҳақидаги иддаолар тарқалмоқда. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров танлов муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида Арманистон ва Озарбайжон ҳақида ҳам тўхталиб, уларни “Интервидение” саҳнасида кўришни хоҳлашини, аммо иштирок этиш қарори уларнинг ўз ихтиёрида эканини таъкидлаган.
Сўнгги вақтларда Россия билан муносабатлари совуқлашган Озарбайжон танловда иштирок этишдан бош тортган, Арманистон эса расман тасдиқ бермаган.
Танловдан кейинги куни Россиянинг “Биринчи канали”да чиқиш қилган Лавров айрим кучлар иштирокчиларга босим ўтказиш орқали тадбирни барбод қилишга уринганини, аммо бу ҳаракатлар самарасиз бўлганини маълум қилган. Шу билан бирга, у бундай уринишлар ортида ким тургани ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Бу баёнот “Интервидение” танлови сиёсий мақсадларда ўтказилгани ва Кремлнинг назоратида ташкил этилгани ҳақидаги фикрларни янада кучайтирди.
Австралиянинг The Conversation нашри аввалроқ Россия бу танловни маданий тадбир сифатида кўрсатиб, аслида сиёсий обрўни тиклаш воситаси сифатида фойдаланмоқда, деб ёзган.
BeansX21 Reactions номли YouTube канали таҳлилчилари ҳар бир ижрочининг услуби ва саҳнадаги образини баҳолади. Улар мусиқий хилма-хилликни таъкидлаб, айрим асарларнинг сифати юқори эканини айтишди, аммо “умумий даража Eurovision’га нисбатан паст” деб баҳолашди.
Украинадаги Дезинформацияга қарши кураш маркази “Интервидение” каби маданий лойиҳаларни Россия “душманлик пропагандаси қуроли” сифатида ишлатмоқда, деб таъкидлади. Марказ баёнотида Россия ушбу танлов орқали Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги “дўстлик коалицияси”ни намойиш этишга ҳаракат қилаётгани айтилган.
"Интервидение" танловида ғолибни мукофотлаш тартиби ҳам турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Танловнинг ташкилотчиси сифатида "Традиции искусства" жамғармаси кўрсатилган. Низомга кўра, ғолибга 30 миллион рубль берилади. Хрусталь кубоги ҳақида низомда айтилмаган, аммо Москвада ўтказилган тадбирда у топширилган. Агар жамғарма розилик берса, ташкилотчилар пул мукофотини ошириш ҳуқуқига эга. Ғолибдан ташқари иштирокчиларга диплом берилади. Шу билан бирга, ташкилотчи истагига кўра исталган иштирокчига қўшимча мукофот ёки совға топшириши мумкин. Агар танлов бошқа мамлакатда ўтказилса, мукофот келишилган валютада, лекин тўлов кунидаги Россия Банкининг расмий курси бўйича ҳисобланиб берилади. Бундай тартиб келажакда турли баҳсларга сабаб бўлиши мумкин деган тахминлар юзага келмоқда.
“Интервидение” танлови тарихи 1965 йилда Прагада “Олтин калит” номли конкурс билан бошланган. Унга СССР, Чехословакия, Югославия, ГДР, Польша ва Венгриянинг артистлари иштирок этган. Кейинроқ танловга “Интервидение” деб ном берилган, аммо давом этмаган. 2008 йилда Сочида “Беш юлдуз. Интервидение” номи билан қайта ўтказилиб, унда собиқ СССРдан ажралган давлатлардан борган хонандалар қатнашган. Россия 2022 йилда Украинага уруш очгани учун халқаро Eurovision танловидан четлатилган. Шу сабабли “Интервидение”ни қайта тиклаш ғояси фаол муҳокамага айланган. 2025 йил 3 февралда Россия президентининг фармони билан танловни ташкил этиш расман тасдиқланган. Кейинги “Интервидение” танлови 2026 йилда Саудия Арабистонида ўтказилиши эълон қилинди.
Айни дамда Европада Eurovision танлови атрофида баҳслар кучаймоқда. Айрим давлатлар 2026 йилда унга Исроил иштирок этса, мусиқий мусобақани бойкот қилишини билдиришди. Бу позицияни аввал Испания эълон қилди, кейин Ирландия, Исландия, Словения ва Нидерланд қўшилди. Белгия, Швеция ва Финляндия ҳам бойкот масаласини кўриб чиқмоқда.
Келгуси танловга мезбонлик қилувчи Австрия бойкот таҳдидлари юзасидан ташвиш билдирди.
Eurovision ташкилчиси - Европа телетрансляция уюшмаси Исроилнинг иштирок этиши ҳақидаги якуний қарорни декабрда қабул қилади. Танлов эса 2026 йил май ойида Австрияда ўтказилиши режалаштирилган.
2025 йилда Базелда ўтказилган шоу 37 давлатдан 166 миллион томошабинни жалб этган. Аммо унда Исроилнинг иштирок этиши Ғазадаги уруш шароитида норозилик ва қаршилик акциялари билан кузатилган.
Германия маданият вазири Волфрам Веймер Исроил иштирок этса, “Eurovision-2026” танловидан воз кечишни билдирган айрим Европа давлатларининг позициясини танқид қилди. У бундай бойкот таҳдидларини маданий тадбирни сиёсатлаштириш деб атади. Веймерга кўра, “Eurovision” халқларни мусиқа орқали бирлаштириш мақсадида ташкил этилган, Исроилни четлатиш эса бу ғояга зиддир.
Форум