“Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти Нишон тумани бўлими бошлиғи Акмал Шерғозиев ярим кечаси пахта штабидан қайтаётган пайтда автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди. Бу пахта терими мавсумида содир бўлган биринчи фожиали ҳолатдир.
Президент Мирзиёевнинг 26 апрелдаги селектор йиғилишида берган топшириғидан сўнг, пахтани тез фурсатда териб олиш учун барча туманларда фавқулодда штаблар ташкил қилинди. Жойларда корхона ва ташкилотлар, таълим ва тиббиёт ходимларининг пахта теримига мажбурлаш ҳолатлари кўпайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати пахтачиликни бозор иқтисодиётига ўтказиш, кластер тизимини жорий этиш ва фермерни мустақил субъектга айлантиришни ваъда қилган эди.
Лекин пахта ҳамон ҳукумат назорат қиладиган асосий соҳалардан бири бўлиб қолмоқда.
"Нишонтумангаз" газ таъминоти бўлим бошлиғи Акмал Шерғозиев 3 октябр куни ярим кечаси пахта штабидаги йиғилишдан қайтаётган пайтда автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди.
Бу хабарни Нишон тумани ҳокимлигининг ўзини таништиришни истамаган ходими тасдиқлади.
Унинг айтишича, президент топшириғидан сўнг, пахта терими бўйича фавқулодда штаб ташкил қилинган ва унда бюджетдан маош олиб ишлайдиган корхона ва ташкилотларнинг бошлиқлари қатнашиши шарт қилиб қўйилган:
“Ўша куни Нишон тумани ҳокими Ботир Тоғаев 23 совхоз деган жойда пахта штаби мажлисини ўтказган. Мажлис кечаси соат 12 ларгача давом этган. Газнинг бошлиғи Акмал Шерғозиев туман кадастр бўлими бошлиғи Холмат Расулов билан бирга машинада қайтаётганда автоҳалокатга учраган. Рулда Акмал ака бўлган. Йўлда чарчаб ухлаб қолганми, билмадим, сув тўла зовурга тушиб кетган. Холмат Расулов бир бало қилиб эшикни очиб чиққан, лекин Акмал аканинг эшиги очилмай қолган ва машинадан чиқолмай ҳалок бўлган. Холмат Расулов ҳам икки кун комада бўлган, бугун ўзига келибди”.
Бу автоҳалокатни келтириб чиқарган асл сабаб, яъни газ идораси бошлиғининг пахта штабига чақиртирилгани ҳокимлик томонидан қаттиқ сир тутилаётгани айтилмоқда.
"Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиалининг Телеграм каналида берилган таъзияда ҳам Акмал Шерғозиевнинг ўлимига нима сабаб бўлгани айтилмаган.
Исми сир қолишини сўраган, бюджет ташкилотларидан бирида ишлайдиган ходим ҳам воқеа шундай бўлганини тасдиқлади. Унинг айтишича, бир неча йилдан бери Ўзбекистонда кўринмай қолган “мажбурий меҳнат” яна қайтди:
“Нишон тумани ҳокими ҳар куни кечга штаб қилади. Сенинг ташкилотинг пахтага қанча одам чиқарди”, деб сўроқ қилади. Мажлис ҳар куни ярим кечасигача давом этади. Мирзиёев мажбурий меҳнатни йўқ қилдим, деб мақтанган эди. Энди эса ўзи яна фавқулодда штаблар тузиш ҳақида топшириқ берди. Пахта балосидан қутулмадик, қутилмадикда”.
Озодлик Нишон тумани ҳокими Ботир Тоғаевнинг мобил телефонига қўнғироқ қилди, лекин ҳоким жавоб беришни истамай алоқани узиб қўйди.
Баҳром Тоғаевнинг фермерлар ишига аралашиши илгари ҳам тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Гарчи президент бўлди энди, ҳокимлар фермерлар ишига аралашмайди деб ваъда берган бўлса-да, лекин ҳоким ва ИИБ бошлиғи тунда фермерларнинг ерларига бориб, уларга қандай сув қўйишни, ғўзани қандай озиқлантиришни ўргатган эди.
Ўзбекистон бўйлаб туманларда фавқулодда штаблар тузилиши ортидан, ижтимоий тармоқларда ҳам маҳаллий раҳбарларнинг ўз ходимларини пахта теримига мажбурлаб чиқараётгани ҳақидаги хабарлар бот-бот пайдо бўла бошлади.
Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг ўз Телеграм каналида эълон қилишича, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Нигора Жумаева ўз ходимларига иккитадан теримчи аёл билан пахтага чиқиш ҳақида буйруқ берган:
Бир неча кун аввал Озодлик Бухоро вилояти Жондор туманида тиббиёт ва таълим ходимларининг пахта теримига мажбуран олибчиқилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Жондорлик ўқитувчилардан бирининг айтишича, бу хабардан сўнг, ҳамшираю ўқитувчилар ишларига қайтган.
Аммо, Олот туманидан ёзган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, пахта теримига мажбурлаш энди уларнинг туманига кўчган:
“Мен Бухоро вилояти Олот туманида яшайман, бизнинг ҳудуддаги мактабларнинг ўқитувчилари фаррош ва қоровуллари ҳаммаси пахта термоқда. Сабаби тепадан буйруқ келган. Мабодо текширса ўз ихтиёрим билан чиқдим ёки мен ҳеч қаерда ишламайман, дейиш керак экан. Ўтган йили бундай ҳолат йўқ эди, бу йил ҳамма пахтага дейишмоқда, лекин ҳамма пахтадан безор”.
Ўзбекистон пахтаси кўп йиллар давомида мамлакат имиджига салбий таъсир кўрсатган “мажбурий меҳнат” билан боғлиқ бўлиб келган.
Юз минглаб ўқитувчи, шифокор ва талабаларни далаларга чиқариш амалиёти 2016 йилдан кейин йўқ қилингани расман эълон қилинганди.
Бироқ бу йилги ҳодисалар, айниқса Ғузордаги фожеа, мамлакатда мажбурий меҳнатнинг яна қайтганини кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнат расман тугатилган, лекин амалда унинг янги шакллари қайта жонланаётгани яққол кўзга ташланмоқда. “Ихтиёрий терим”, “фавқулодда штаблар” ва “оғзаки буйруқлар”, буларнинг барчаси мажбурий меҳнатнинг замонавий қиёфаси эканлиги айтилмоқда..
Таҳлилчиларнинг айтишларича, мажбурий меҳнат нафақат инсон ҳуқуқларини бузади, балки иш самарадорлигини ҳам пасайтиради.
Мажбурланган одам ҳеч қачон меҳнатга ижодий ёндошмайди. Бундан ташқари, меҳнат жараёнида хавфсизлик қоидалари ҳам кўпинча эътибордан ташқарида қолади ва бу Акмал Шерғозиев билан бўлгани каби фожиаларга сабаб бўлади.
Форум