Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2025, Тошкент вақти: 03:03

“Ўғлимни урушдан қутқаринг!” Ҳукуматдан ёрдам кутаётган она чорасиз қолмоқда


Рўзигул Бобоева Ўзбекистон паспортидаги "Фуқаролар давлат ҳимоясида" деган ёзувни кўрсатиб турибди.
Рўзигул Бобоева Ўзбекистон паспортидаги "Фуқаролар давлат ҳимоясида" деган ёзувни кўрсатиб турибди.

Россиянинг Украинага қарши урушида қарийб 500 ўзбекистонлик ӯлдирилди. Бу янги ҳисобни Украина ҳукуматининг “Яшашни ҳоҳлайман” лойиҳаси эълон қилди. Айни дамда Россияда ишлаб юрган ўғли мажбуран фронтга юборилганини айтган ўзбекистонлик аёл икки ойдан бери ҳукуматдан ёрдам кутмоқда.

Ўғлининг Россиядан Украинадаги урушга мажбурлаб жўнатилганини айтган ўзбекистонлик Рўзигул Бобоева деярли икки ойдан бери давлат идораларидан ёрдам ололмаётганини билдирди ва яна Озодликка мурожаат қилди. Ҳозирча расмий идоралар бу масалада изоҳ беришмади.

У илк бор октябрь ойи бошида журналистлар орқали муаммосини жамоатчиликка етказган эди. Сурхандарё вилоятидан бўлган аёл шу кунгача Тошкентда гоҳ Ташқи ишлар вазирлиги, гоҳ Бош прокуратура ёнида ҳукуматдан ёрдам кутмоқда.

Унинг 23 ёшли ўғли Акбар Қурбонов ҳозирда Украинанинг босиб олинган Луганск вилоятида, рус ҳарбийлари назоратида экани айтилмоқда. Акбар ўзи 15 октябрь куни Озодликка Перевальний туманидаги 41624-рақамли ҳарбий полигонда сақланаётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, у ва бошқа ўнлаб Марказий Осиёликлар қамоқхонага ўхшаш жойда мажбуран ушлаб турилибди. Акбар урушда иштирок этишдан бош тортгани учун бир неча бор калтакланган, ҳатто оёғининг битта бармоғи синганини айтган.

Рўзигулга Ўзбекистон давлат идораларидан келган жавоб хатларида бу иш қараб чиқилиши, агар норозилик бўлса, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги қайд этилган.

“Ўғлим ва унинг ёнидагилар ҳар куни калтак еяпти. Уларни қийноқ орқали урушга мажбурлашяпти. Мен давлат идораларига керакли барча исботларни тақдим этдим. Ҳатто ўғлимни урушга ёллаган тўртта одамнинг телефон рақамларини ҳам Ташқи ишлар вазирлигига бердим, лекин ёрдам бўлмади. Бизнинг раҳбарлар русларнинг гапига ишонаркан, лекин ўз фуқаросининг гапига ишонмас экан. Ўғлим “ўз хоҳиши билан контракт тузган” деган гапга ишонишяпти” – деди у.

Акбар Қурбонов 2024 йил июнь ойида Ўзбекистондан Татаристоннинг Набережние Челни шаҳридаги КАМАЗ заводида ишлаш учун кетган. Унинг айтишича, жорий йил 8 август куни унга Ростов-на-Дону шаҳрида ҳайдовчи кераклиги ҳақида эълон чиққан ва у шу асосда янги ишга ўтишга қарор қилган. Аммо ишга чақирганлар уни ҳарбий комиссариатга олиб бориб, мажбуран Украинадаги урушда қатнашиш ҳақидаги контрактга имзо қўйдиришганини билдирган.

Акбар Украинага боргандан бери урушда иштирок этишдан бош тортиб келаётганини, шу сабаб доимий равишда калтакланишини айтади. У онасига урушга ёллаган шахсларнинг телефон рақамларини ҳам берган.

Рўзигул Бобоева ўғли билан гоҳида телефон орқали гаплашиб тураётганини таъкидлайди.

“Паспортимизда “фуқаролар давлат ҳимоясида” деб ёзилган-ку. Қани ўша ҳимоя? Ҳар куни идорама идора юрибман. Илтимос, ёрдам беринг, боламни қутқаришга ёрдам беринг” – деди Бобоева президентга йўллаган мурожаатида.

Чорасиз қолган она Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасига ҳам мурожаат қилганини билдирди. Шунингдек, у ўғлини урушга ёллаганлар билан боғланганини, улардан бири - Михаил исмли шахс Акбар урушдан қочгани учун жазоланаётганини айтганини қўшимча қилди.

Рўзигул Бобоева "Михаилнинг овози" деб Озодликка тақдим этган хабарда эркак киши рус тилида шундай дейди:

“Мен сизга у ўзи хато қилганини айтгандим. У ўзбошимчалик билан ҳарбий қисмни тарк этган. Уни ҳарбий полиция ушлаган. Чунки ҳарбий хизматчи рухсат берувчи ҳужжатларсиз қисмдан ташқарида бўлишга ҳақли эмас. Ҳозирда у ҳукмни кутяпти. Менга ҳеч нарса боғлиқ эмас”.

Ҳозирча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, бошқа мутасадди идоралар ҳам, шунингдек Акбарни урушга ёллаган деб айтилаётган шахслар ҳам бу ҳолат юзасидан изоҳ бермади. Аввалроқ улардан бири - Андрей исмли шахсга боғланганимизда, у: “Мен шахсий машинамда йўловчи ташиш билан шуғулланаман” деб қисқача жавоб берган ва ортидан бу жавобни дарҳол ўчириб ташлаган.

Украина ҳукуматининг “Яшашни ҳоҳлайман” лойиҳаси 29 октябрда эълон қилган ҳисоботида айтилишича, урушда Россия томонида жанг қилаётган 481 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган. Аммо рўйхат тўлиқ эмаслиги, ўлганлар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

“Россия қуролли кучларига ёлланган чет эллик фуқаролар сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда турибди. Украинага қарши урушган ёки ҳозирда урушда қатнашиб келаётган камида 2 минг 715 нафар ўзбекистонлик фуқаро ҳақида маълумотимиз бор, уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2023 йилда 498 нафар ўзбекистонлик контракт имзолаган бўлса, ўтган йили яна 941 нафар имзо чеккан. Жорий йилнинг биринчи ярмида Россия қуролли кучлари таркибида тахминан 1 минг 300 нафар ўзбекистонлик фронтга кетган. Бу фақат бизга маълум бўлган ҳолатлар” – деб ёзилган ҳисоботда.

Маълумотларга кўра, урушга ёлланганларнинг кўпчилиги - Россияда иш излаб юрган меҳнат мигрантларидир. Уларга қурилишда ёки ҳарбий қисмнинг орқа хизматларида юқори маошли иш ва Россия фуқаролиги ваъда қилинади.

Ўзбекистон ҳукуматидан ёрдам кутaётган Акбарнинг айтишича, унинг номига 400 минг рубль ўтказилган, аммо у бу пулдан воз кечган. Озодликда ҳозир масаланинг молиявий томонини аниқлаш имкони йўқ.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий армияларга қўшилган шахсларга нисбатан Жиноят кодексига кўра 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланганини эслатган. Аммо Россиядаги ўзбекистонликларнинг урушга жалб этилиши юзасидан Кремлга расмий эътироз билдирилгани ҳақида маълумот йўқ.

Украина президенти Владимир Зеленский жорий йил январь ойидаги баёнотида руслар сафида ўзбекистонликлар ҳам жанг қилаётганини айтган, аммо бу гапларга на Тошкент, на Москва расмий муносабат билдирган.

Россия Украина ҳудудига 2022 йил 24 феврал куни бостириб кирган. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу Украина Ғарб мамлакатлари билан яқинроқ ҳамкорлик қилишни истагани, аммо бу интилиш Москва томонидан “геосиёсий таҳдид” сифатида қабул қилингани билан боғлиқ. Кремль ушбу ҳаракатини “ўз хавфсизлигини таъминлаш” ва “ижтимоий тартибни тиклаш” деб изоҳлаган, аммо дунёнинг аксар давлатлари Россиянинг бу қадамини “агрессия” деб баҳолаган. Уруш давомида ҳар икки томондан юз минглаб одамлар ҳалок бўлгани маълум.

Украинага қарши уруш бошланганидан бери Ўзбекистон Россияни очиқчасига қоралашдан тийилиб келмоқда. Расмий Тошкент ҳар икки томонни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида муроса ва тинчликка чақирган. 2025 йил 24 август куни, Украинанинг миллий байрами, Мустақиллик куни муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев Владимир Зеленскийни табриклаб, икки давлат ўртасидаги дўстлик муносабатлари бардавом бўлишини тилaган.

Форум

XS
SM
MD
LG