Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2025, Тошкент вақти: 21:16

Зоҳран Мамданий Ню-Йоркда ғалабасини нишонлаяпти


Зоҳран Мамданий
Зоҳран Мамданий

Ню-Йорк шаҳри мэрлигига сайланган Зоҳран Мамданий АҚШ сиёсатининг янги юзига айланди.

4 ноябр куни бир неча штатда губернатор, мэр ва маҳаллий ҳокимият вакиллари учун сайлов бўлиб ўтди.

34 ёшли Зоҳран Мамданий 50 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, Ню-Йорк шаҳри тарихидаги илк мусулмон раҳбар ва сўнгги юз йил ичидаги энг ёш мэр бўлиб сайланди.

“Сиёсий беқарорлик даврида Ню-Йорк умид ва ёруғлик манбаи бўлади. Сиз муҳожир бўлинг, транс жамоаси аъзоси, Доналд Трамп томонидан федерал ишдан бўшатилган кўплаб қора танли аёллардан бири, ёки озиқ-овқат нархлари тушишини кутаётган ёлғиз оналардан бўлинг, фарқи йўқ, агар ҳаёт сизга босим ўтказаётган бўлса, сиз билан бирга биз ҳам курашамиз”- деди у сайловдан кейинги баёнотида.

Ўзини социалист деб танитиб келган Мамданий Ню-Йоркни оддий одамлар учун қулай шаҳарга айлантиришни ваъда қилган.

Сайловдан олдин АҚШ президенти Доналд Трамп уни “Ҳаёлпараст демократ” деб атаган. Агар Мамданий мэрликка сайланса, Ню-Йорк шаҳрига федерал маблағ ажратишни тўхтатишини айтиб, таҳдидли баёнот ҳам берган.

Мамданий илгари унчалик таниқли бўлмаса ҳам, ижтимоий тармоқларда фаол эди. Ёшларни ва Демократлар партияси аъзоларини ўз тарафдорига айлантира олди. Натижада у Ню-Йоркнинг собиқ губернатори ва партиянинг раҳбарияти орасида фаворит бўлган Эндрю Куомони сайловда ютди.

“Менимча, ёшимизга яқин инсоннинг сайланиши жуда яхши. Бу ростдан ҳам, янгилик ва ижобий ўзгаришдек туюлади. Унинг сиёсати менга маъқул. У жонкуяр, тизимга ва президентга қарши чиқишдан қўрқмайди. Бу мен учун жуда илҳомлантирувчи ҳолат” - деди журналистларга ўзини Ким Харт деб таништирган сайловчи.

Мики Шеррил.
Мики Шеррил.

Умуман олганда, Демократлар бу сайловларда учта муҳим пойгада ғалаба қозониб, Доналд Трамп президентликка қайта келганидан кейинги илк сиёсий синовда таҳлилчилар айтганидек, партияга янги куч бағишладилар ҳамда янги авлод раҳбарларини олиб чиқдилар.

Виржиния ва Ню-Жерсида демократлар - Эбигейл Спанбергер ва Мики Шеррил губернаторлик сайловларида ишончли фарқ билан ғалаба қозонишди. Бу ғалабалар Демократлар учун келаси йил бўлиб ўтадиган Конгресс сайловлари олдидан муҳим туртки сифатида кўрилмоқда.

Ню Жерсида губренаторликка республикачилардан номзод бўлган Жек Чиаттарелли:

"Ҳаммангизга миннатдорчилик билдираман. Сизларни яхши кўраман. Кураш тугамайди. Лекин келинг, барчамиз яхши кўрадиган штатни тузатиш учун бор кучимизни сарфлайлик. Биламан, сиз ҳам шундай деб ўйлайсиз. Шунинг учун бу ерда турибсиз" - деди.

Доналд Трамп ўз партияси - республикачиларнинг мағлубияти билан якунланган сайлов натижаларини ижтимоий тармоқда камситувчи тарзда изоҳлади.

Собиқ президент Барак Обама демократ номзодларни ғалаба билан табриклади ва “келажак бироз ёруғроқ кўрина бошлади”, деди.

Собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон бу ғалабаларни “демократ аёллар учун тарихий бурилиш” деб атади. Сенатор Элизабет Уоррен ва Калифорния губернатори Гэвин Нюсом Спанбергерни ғалаба билан табриклашди.

Шу билан бирга, Флорида сенатори Рик Скотт Зохран Мамданийнинг сайланишига ишора қилиб, “Флорида ҳар доим коммунистик ва социалистик режимлардан қочганлар учун бошпана бўлган, энди ҳам шундай бўлади” - деди.

Халқаро нашрларда бугунда энг кўп тилга олинаётган Зоҳран Мамданий Угандада ҳинд оиласида туғилган. Онаси - машҳур ҳинд-америкалик режиссёр Мира Наир, отаси - олим Маҳмуд Мамданий.

У етти яшарлигида оиласи билан АҚШга кўчиб келган. Жорий йил бошида суриялик Раме Дуважига уйланган.

Форум

XS
SM
MD
LG