Сувга чўкаётган синфдош дўстини қутқараман, деб ўзи ҳалок бўлган 10 ёшли Абдулла Рўзибоев 24 январь куни Тошкентда дафн этилди. Фожиа 21 январь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/5 даҳасидан оқиб ўтувчи каналда рўй берди. Боланинг жонсиз жасади икки кун ўтиб чўккан жойидан 1 километр олисдан топилди.
Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, Абдулла 21 январь куни мактабдан қайтаётганида у бирга бўлган синфдош дўсти Рўзибоев Шохжаҳон сувга тушиб кетган.
Уни қутқариш учун Абдулла ўзини сувга ташлайди, дўстини қутқаради, ўзини эса, сув оқизиб кетади.
Қорақамиш 2/5 даҳасида яшовчи Абдулла Рўзибоевнинг қўшниларидан бири Озодликка бу ҳақда гапириб берди.
- Канал устидан труба ўтган. Бу болалар 21 январь куни кечки 4 яримларда мактабдан қайтишда шу трубанинг устидан ўтаётганларида биттаси сувга тушиб кетади. Унинг кетидан дўстини қутқараман деб, Абдулла ҳам сувга сакрайди. Дўстини қутқаради, ўзини эса сув оқизиб кетади. У ерда оқим кучли-да. Жасадини икки кун қидириб, чўккан жойидан бир километр узоқликдаги дамба яқинидан топишди. Бугун жанозасига бордик, Минорга дафн этишди, - деди ҳалок бўлган боланинг қўшниси.
Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қорақамиш 2/5 даҳасидан оқиб ўтувчи каналга чўккан 10 ёшли Абдуллани Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари қидираётгани акс этган видео 21 январь куни ижтимоий тармоқларни ларзага солган эди.
Озодликнинг аниқлашича, дўстини қутқараман деб, сувга чўкиб ҳалок бўлган Абдулла Рўзибоев Тошкентнинг Олмазор туманидаги 134-сонли мактабда ўқиган.
Мактаб ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда Абдулла бошқа болаларга ўрнак бўладиган даражада, аъло баҳоларга ўқиганини айтди.
- Абдулла жуда тиришқоқ, фанлардан фақат аъло баҳоларга ўқир эди. Синфдаги фаол ўқувчилардан эди. Дўстини қутқарди, дўстининг ҳаётини сақлаб қолди, - деди Абдулланинг ўқитувчиси.
Тошкент шаҳар, Олмазор туман милицияси терговчилари содир бўлган воқеага бахтсиз ҳодиса сифатида қарашмоқда.
Пойтахтликлар Олмазор туманининг Қорақамиш 2/5 даҳасидаги кўп қаватли уйлар ёнидан оқиб ўтадиган канал атрофи темир тўсиқлар билан ўралмагани учун аҳоли, айниқса, болалар учун хавфли ҳудудга айланиб қолганини айтишади.
- Кўп эшитаман мана шу каналда чўкканлар ҳақида. Бир неча йил аввал бошқа бир қўшнимизнинг боласи чўкиб кетган эди. Мактабдан қайтаётанда болалар шу трубадан ўтади. Шу ерни ўраб, решётка қилибми ёки четларини ўраб қўйса бўладику?! Одам қўрқади-да, болалар кўп бу ерда, - деди Қорақамиш 2/5 даҳасида яшовчи Гулсара опа.
Озодлик Қорақамишда яшовчи аҳоли арзи юзасидан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Олмазор тумани бўлимига боғланди.
Ўзини "бўлим бошлиғи ёрдамчиси", деб таништирган мулозим: "Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш аҳолининг ўз қўлида. Ота-оналар болаларга доим кўз-қулоқ бўлиб туришлари керак", - деб жавоб қилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги айни пайтда таълим соҳаси ходимлари ва ота-оналарга бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун ўқувчиларга тушунтириш ишларини олиб боришларини қаттиқ тайинламоқда.
Тошкент вилоят прокуратурасига кўра, ўтган йилнинг иккинчи ярмида вилоят ҳудудидаги сув ҳавзалари ва дарёларда эхтиётсизлик оқибатида 40 дан зиёд киши, шу жумладан 5 нафар вояга етмаган сувда чўкиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.