Линклар

Шошилинч хабар
04 сентябр 2025, Тошкент вақти: 12:11

Яна сармоя - яна қарз? Мирзиёев Хитойдан қайтди


Ци Цзинпин ва Шавкат Мирзиёевнинг учрашуви. Ўзбекистон президенти Хитойга рафиқаси билан борган.
Ци Цзинпин ва Шавкат Мирзиёевнинг учрашуви. Ўзбекистон президенти Хитойга рафиқаси билан борган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга навбатдаги ташрифи доирасида Пекин Тошкентга яна йирик миқдордаги инвестицияларни ваъда қилди. Ўзбекистон томони бу келишувларни ютуқ сифатида эълон қилар экан, таҳлилчилар кучайиб бораётган Хитой сармоясининг хавфидан огоҳлантирмоқда.

Давлат қарзининг ўсиши манзарасида эса асосий савол очиқ: катта маблағлар барқарор ривожланишга хизмат қиладими ёки мамлакатнинг қарз юкини янада оғирлаштирадими?

"Хитой - бизнинг йирик ҳамкоримиз"

3 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга беш кунлик сафари ниҳоясига етди. У Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги тадбирлар ва Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда иштирок этди.

Мирзиёев Пекинда Хитойнинг йирик корпорациялари раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказди. Расмий матбуот бу учрашувларда томонлар энергетика, геология, қишлоқ ва сув хўжалиги, кимё, жамоат транспорти бўйича лойиҳаларга келишганига урғу бермоқда.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, Хитойдан кўчма, мобил подстанциялар олиб келиш режаланяпти:

“Ҳозирги кунда, албатта, Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энергетика йўналишини алоҳида таъкидлаб ўтсак бўлади. Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги кунда Хитой бизнинг энг йирик ҳам инвестицион ҳамкоримиз, ҳам технологик ҳамкоримиз. Сабаби шундаки, нафақат Хитойдан инвестиция келяпти, балки қолган давлатлардан амалга оширилаётган энергетика йўналишидаги асосий технологик ускуналарнинг деярли барчаси Хитойдан етказиб берилади. Яъни, Хитойда бу йўналишда энг замонавий технологиялар бор, дегани”.

Ўзбекистон ҳукумати аввал халқни қийнаб турган асосий муаммо - энергетика соҳасида Франция, Германия, Италия каби Европанинг ривожланган мамлакатлари билан ҳам ҳамкорлик бошлаганини билдирган. Мирзамаҳмудов дунёнинг бошқа давлатлари билан амалга ошираётган инвестициявий лойиҳаларида ҳам аслида Хитойнинг иштироки катталиги, бу эса Хитойнинг технологиялардан иборат эканига урғу бермоқда.

Бошқача айтилса, Хитой Ўзбекистонга нафақат катта миқдорда кредит қарзи берган давлат, балки саноат ва ишлаб чиқариш соҳасидаги бошқа хорижий мамлакатлар билан бораётган лойиҳаларнинг ҳам иштирокчиси сифатда тақдим қилиняпти.

Қоидаларга амал қилинадими?

Ўзбекистон президентининг сафари доирасида тузилган келишувлар ҳақидаги хабарлар давлат раҳбари сайтида “истиқболли лойиҳалар” сифатида чоп этилди. Аммо уларнинг молиявий таркиби, яъни қанчаси кредит, қанчаси грант экани ҳозирча очиқланмаган. Фақат Хитой билан ҳамкорлик қилувчи компаниялар ва уларнинг активлари ҳақидагина маълумот берилган.

Имзоланган ҳужжатлар орасида энг каттаси - “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Бир камар - бир йўл” ташаббуси билан уйғунлаштириш дастури. Бу транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергия ва тиббиёт соҳаларидаги қатор лойиҳаларни ўз ичига олади.

Экспертлар фикрича, Хитой тажрибаси шундан далолат берадики, инфратузилма қурилиши ҳар доим ҳам маҳаллий иқтисодиётга катта қиймат қўшмайди. Аксинча, молиявий ва сиёсий боғлиқликни кучайтириши мумкин.

Марказий Осиё ва Хитой алоқалари бўйича эксперт Темур Умаров аввал Озодликка бу борада фикр билдирганида, Пекин билан ҳамкорликда эҳтиёткорлик зарурлиги ҳақида гапирган эди.

“Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми рекорд даражада ўсмоқда, инвестициялар кўпаймоқда, Хитой томонидан кредит ажратиш фаоллашган. Шу билан бирга, дипломатик ва сиёсий алоқаларнинг кучайиши Ўзбекистонга Хитой билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш имконини бермоқда. Мавжуд хавф-хатарлар эса Хитой таъсирининг муайян соҳаларда монополияга айланиши билан боғлиқ. Агар у ягона ва ҳукмрон куч сифатида шаклланса, бу хавфли вазият яратиши мумкин. Аммо Хитой қонун ва қоидалар доирасидаги ҳамкор сифатида иштирок этса, унинг таъсири хавф туғдирмайди. Лекин қоидаларга амал қилиниши алоҳида эътибор талаб этади”.

“China National Building Materials” (CNBM) компанияси директорлар кенгаши раиси Чжоу Юйсян билан учрашув.
“China National Building Materials” (CNBM) компанияси директорлар кенгаши раиси Чжоу Юйсян билан учрашув.

Шавкат Мирзиёев сафар чоғида Хитой миллий ядро корпорацияси раиси билан музокаралар ўтказган. Учрашув хақидаги хабарда бу корпорация Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга тайёр экани қайд этилган.

“China National Petroleum Corporation” (CNPC) билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш хақидаги маълумотда Хитойнинг ушбу миллий нефть-газ корпорациясининг бозор капиталлашуви 200 миллиард доллардан ошгани маълум қилинган. Ўзбекистонга бу ширкат 5 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритгани айтилади.

Ўзбекистон томони музокара ўтказган яна бир ташкилот - Энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида етакчи деб кўрсатилган “Henan Investment Group” ширкатининг активлари эса 50 миллиард доллардан ортиқ экани таъкидланган. Аммо унинг Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг аниқ қиймати ва Хитой томонидан ажратиладиган маблағ миқдори очиқланмаган.

Хитойнинг ташқи қарздаги катта улуши

Хитой халқ Республикаси раҳбари Ци Цзинпин Ўзбекистон билан ҳамкорликни “узоқ муддатли ва барқарор” деб таъкидлаб келади. 2023 йили “Марказий Осиё - Хитой” саммитида у транспорт ва энергетика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни алоҳида қайд этган.

Расмий ҳисобда, 2023 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 14 миллиард доллардан ошган, 2024 йил бошидан эса 23 фоизга ўсди. Инвестиция портфели 60 миллиард доллардан ўтиб, 64та янги лойиҳа 10 миллиард доллар маблағ билан амалга оширилган.

Марказий банк маълум қилишича, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2025 йилнинг биринчи чораги якунига кўра, 68,4 миллиард долларни ташкил қилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билдиришича, қарзнинг асосий қисми, яъни 53% – халқаро молия институтларидан, 31% - хорижий ҳукуматлардан, 16% - инвесторлардан жалб қилинган.

Халқаро молия институтларидан - Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки Тошкентнинг энг йирик кредиторлари бўлиб, улар умумий қарзнинг қарийб ярмини ташкил қилади. Хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотларидан эса Хитойнинг тараққиёт банки ва Хитой эксимбанкидан олинган қарзлар етакчилик қилади.

“Эътибор берсангиз, 2016 йилдан бери қарз деярли 10 баробарга ошган, тасаввур қиляпсизми? Каримов даврида у 6 миллиард доллар атрофида бўлган бўлса, ҳозир 60 миллиарддан ошган. Бу Ўзбекистоннинг ташқи манбаларга боғлиқлиги ортганини кўрсатади. Қарзнинг ярмидан кўпи – 33 миллиард доллари давлат кафолати остида олинган бўлиб, уни қайтариш мажбурияти бор. Қолгани эса хусусий корхоналар ёки давлат корпорациялари томонидан олинган. Улар давлат кафолатисиз қарз олади. Қарзлар қай даражада самарали ишлатилгани номаълум, чунки жараён шаффоф эмас. Буни фақат кейинчалик аниқ баҳолаш мумкин бўлади” - дейди иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксанов.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарзининг асосий қисми, яъни 57 фоизи – халқаро молия институтларидан, 31 фоизи эса хорижий ҳукуматлардан жалб қилинган. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки Тошкентнинг энг йирик кредиторлари бўлиб, улар умумий қарзнинг қарийб ярмини ташкил қилади. Хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотларидан эса Хитойнинг тараққиёт банки ва Хитой эксимбанкидан олинган қарзлар етакчилик қилади.

Ҳозирда Хитой маҳсулотлари Ўзбекистон бозорларини эгаллаган. Пекин сармояси билан ташкил этилган қўшма корхоналар, қуёш панеллари ва томчилатиб суғориш тизимлари каби соҳалардаги ҳамкорлик кенгаймоқда. Сўнгги йилларда хитойлик тадбиркорларга ерлар деҳқончилик қилиш учун берила бошлади. Айрим ҳудудларда фермерларнинг ерлари хитойликларга мажбуран берилаётгани ҳақида Озодлик суриштирувлар ҳам тайёрлаган.

Ўзбекистонда хитойлик сармоядорлар фаолияти баҳс ва танқидларга сабаб бўлаётган бир пайтда Тошкент ва Пекин ўртасида 1 июндан бошлаб визасиз тартиб кучга кирган.

Форум

XS
SM
MD
LG