Линклар

Шошилинч хабар
02 сентябр 2025, Тошкент вақти: 22:29

Афғонистондаги зилзилада 1400 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, ёрдам олис қишлоқларга етиши қийинлашмоқда


Афғонистоннинг шарқий қисмида, Кунар вилояти Нурғал туманига қарашли Мазар Дара қишлоғида 2025 йил 1 сентябрь куни зилзилалардан кейин марҳумлар дафн маросими учун олиб борилмоқда.
Афғонистоннинг шарқий қисмида, Кунар вилояти Нурғал туманига қарашли Мазар Дара қишлоғида 2025 йил 1 сентябрь куни зилзилалардан кейин марҳумлар дафн маросими учун олиб борилмоқда.

Афғонистоннинг тоғли олис ҳудудларига ёрдам етказиш ишлари давом этаётган бир пайтда, кучли зилзиладан кейин 1 400 дан зиёд одам ҳалок бўлгани ва минглаб кишилар жароҳат олгани хабар қилинмоқда.

Толибон ҳукуматининг бош матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид 2 сентябрь куни, яъни Жалолобод шаҳри яқинида, Покистон чегарасида 6 магнитудали зилзила содир бўлганидан икки кун ўтиб, ҳалок бўлганлар сони 1 411 нафарга етгани, 3 100 дан ортиқ киши яраланганини маълум қилди.

“Ҳали вайрона остида қанча жасад қолганини аниқ айтиб бўлмайди”, — деди вилоят фавқулодда ҳолатлар бошқармаси раҳбари Эҳсонулло Эҳсон. “Имкониятимиз борича тезроқ қидирув-қутқарув ишларини якунлаб, жабрланган оилаларга ёрдам етказишни бошлашга ҳаракат қиляпмиз”.Толибон раҳбарлигидаги ҳукумат ҳозиргача Россиядан ташқари бирор давлат томонидан расман тан олинмаган. Шунга қарамасдан, халқаро гуманитар ташкилотлар мулоқотни сақлаб қолишга ва аҳолига ёрдам етказишга уринмоқда.


Афғон тиббиёт ходимлари ва Толибон хавфсизлик кучлари Жалолобод яқинида зилзиладан жабрланганларни эвакуация қилиш учун замбиллар кўтариб кетмоқда.
Афғон тиббиёт ходимлари ва Толибон хавфсизлик кучлари Жалолобод яқинида зилзиладан жабрланганларни эвакуация қилиш учун замбиллар кўтариб кетмоқда.

Amnesty International “шошилинч гуманитар ёрдам” чақируви билан чиқди, бироқ Лондонда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилоти Толибонни қутқарув ишларини қийинлаштираётганликда айблади. Шунингдек, ташкилот Покистонни қарийб 2 миллион афғон қочқинини мажбурий қайтариб юборгани учун танқид қилиб, бу ҳолат вазиятни янада оғирлаштираётганини қайд этди.

«Толибоннинг де-факто ҳокимияти мамлакатдаги гуманитар ва халқаро ташкилотлар фаолияти қисқаришига ҳам масъул, чунки уларнинг чекловчи сиёсатлари ва афғон аёлларининг БМТ ҳамда бошқа ННТларда ишлашини тақиқлаши бу жараёнга олиб келди. Бу — мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига нисбатан Толибоннинг системали ҳужумининг бир қисми», — дейилади Amnesty International баёнотида.

Халқаро ташкилотлар ёрдам тайёрлар экан, унинг фақат жабрланувчилар қўлига етиши ва Толибон раҳбарияти ихтиёрига ўтмаслигига урғу бермоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ташкилот маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда “зарур эҳтиёжларни тезда баҳолаш, фавқулодда ёрдам кўрсатиш ва қўшимча кўмак сафарбар қилишга тайёр” эканини билдирди.

Фалокат мамлакат халқаро ёрдам қисқарган, Толибон ҳокимиятни эгаллаб олган ва юз минглаб афғон қочқинлари қўшни давлатлардан қайтарилаётган бир пайтга тўғри келди.

«У ерда қишлоқлар шундай қурилганки, уйлар тепадан пастга террассимон ҳолда жойлашган», — деди ЮНИСЕФнинг Кобулдаги матбуот котиби Салам Ал-Жанабий Озодликка. «Бу дегани, уйлар бир-бирининг устидан қулаб тушяпти. Шу боис қурбонлар сони жуда катта».


Ал-Жанабийнинг айтишича, “ҳозирги пайтда Афғонистондаги барча БМТ агентликлари у ерга йўналтирилган” ва тахминан 600 та уй вайрон бўлган.

«Бу оилалар қаерда туради? Бу болалар қаерда туради? Ҳозирча чатир остида туриши мумкин, лекин уч ҳафта ичида бу ҳудудда совуқ тушади», — деди у.


Hundreds Killed By Earthquake In Afghanistan Hundreds Killed By Earthquake In Afghanistan
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:15 0:00

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда одамлар вайрона остида қолганларни қутқариш учун изтироб билан вайроналарни ковлаб чиқараётгани кўрсатилган.

Жароҳат олган тирик қолганлар вертолёт орқали тоғли олис ҳудуддан эвакуация қилинди. Толибон расмийлари ҳудуднинг релефи ёрдам ва қутқарувчиларни етказишни қийинлаштираётганини маълум қилди.

Афғонистонда тез-тез зилзилалар содир бўлиб туради. 2023 йил октябрь ойидаги зилзилада қурбонлар сони қутқарув ишлари давомида ортиб борди: Толибон 4 000 киши ҳалок бўлганини айтган бўлса, БМТ бу рақамни тахминан 1 500 деб кўрсатган эди.

Сўнгги зилзила 31 август куни соат 23:45 да содир бўлган ва АҚШ Геологик хизматига кўра, унинг маркази Нангарҳор вилояти Жалолободдан 27 километр шимоли-шарқда жойлашган.


Жалолободда ҳалокатли зилзиладан бир кун ўтиб, 1 сентябрь куни жароҳат олган афғон болалари шифохонада даволанмоқда
Жалолободда ҳалокатли зилзиладан бир кун ўтиб, 1 сентябрь куни жароҳат олган афғон болалари шифохонада даволанмоқда

АҚШ Геология хизмати (USGA) аввалроқ моделлаштириш натижаларига кўра, қурбонлар сони юзлаб одамларга етши мумкинлигини тахмин қилган.

USGAга кўра, зилзиланинг чуқурлиги 8 километр бўлиб, нисбатан юзаки даража чуқурроқ силкинишларга нисбатан кўпроқ вайрона келтириши мумкин. Немис Геология тадқиқот маркази (GFZ) маълумотига кўра, асосий зилзиладан 20 дақиқа ўтгач 4,5 магнитудали, ундан кейин эса 5,2 магнитудали силкиниш қайд этилган.

Покистон пойтахти Исломобод аҳолиси — 300 километрдан ортиқ масофада — бинолар силкинишига гувоҳ бўлди. Кабулда — эпицентрдан 100 километр узоқликда — аҳоли ҳам кучли силкинишни ҳис қилди.

Зилзиладан бир неча кун аввал эса Нангарҳор вилоятидаги кучли сув тошқинлари камида 5 кишини ўлдирган ва деҳқончилик ерлари ҳамда уй-жойларга катта зарар етказган эди.


With reporting by Reuters
XS
SM
MD
LG