Линклар

Шошилинч хабар
04 ноябр 2025, Тошкент вақти: 00:08

Афғонистон шимолидаги қақшатқич зилзилада камида 20 киши ҳалок бўлди


Афғонистонлик тиббиёт ходимлари 3 ноябрь куни Мазори Шарифда тунда содир бўлган зилзиладан кейин шифохонада яраланган эркакка тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Афғонистонлик тиббиёт ходимлари 3 ноябрь куни Мазори Шарифда тунда содир бўлган зилзиладан кейин шифохонада яраланган эркакка тиббий ёрдам кўрсатмоқда.

3 ноябр тонгида Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳри яқинида содир бўлган 6,3 балли зилзилада, Рейтер агентлигига кўра, камида 20 киши ҳалок бўлган, юзлаб одам яраланган.

Мутахассислар зилзила натижасида “катта талафотлар бўлиши мумкин”лигидан хавотир билдиришмоқда. Зилзила мамлакат шарқий қисмидаги ҳалокатли ва вайронкор ер силкинишларидан икки ой ўтиб содир бўлди.

АҚШ Геология хизматига кўра, таҳлиллар “жиддий инсоний талафотлар бўлиши эҳтимолдан йироқ эмаслиги ва фалокат кенг миқёсли бўлиши мумкин”лигини кўрсатган. Мазкур шаҳарда тахминан 523 минг аҳоли яшайди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ер қимирлашидан кейин вайрона остида қолган одамларни қутқаришга уринишлар акс этгани айтилган. Бироқ бу видеоларнинг ҳаққонийлиги ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Эпицентрдан 90 км узоқликдаги Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида зилзила кучи 5 баллни ташкил этган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг маркази хабар қилди.

Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи:

  • Тошкент: 2-3 балл, 557 км;
  • Сурхондарё вилоятида 5 балл, 90 км;
  • Қашқадарё вилоятида 3-4 балл, 302 км;
  • Самарқанд вилоятида 3 балл, 358 км;
  • Жиззах вилоятида 3 балл, 410 км;
  • Навоий вилоятида 3 балл, 444 км;
  • Бухоро вилоятида 3 балл, 451 км;
  • Сирдарё вилоятида 3 балл, 464 км;
  • Фарғона вилоятида 2-3 балл, 579 км.

(Манба: ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг маркази)

Ижтимоий тармоқларда зилзила тунда Термиз шаҳридаги кўп қаватли уйлар олдида хавотирга тушган яшовчилар тўплангани акс этган видеолар тарқалди.

Маълумотларга кўра, 3 ноябр куни содир бўлган зилзила натижасида Мозори Шарифдаги Ҳазрати Али мақбараси, яъни "Кўк масжид" ҳам зарар кўрган. (Архив сурати)
Маълумотларга кўра, 3 ноябр куни содир бўлган зилзила натижасида Мозори Шарифдаги Ҳазрати Али мақбараси, яъни "Кўк масжид" ҳам зарар кўрган. (Архив сурати)

Дастлабки маълумотларга кўра, камида 10 киши ҳалок бўлган, тахминан 260 киши яраланган. Толибон ҳукумати эса жабрланувчилар ва етказилган зарар ҳақидаги аниқ маълумотлар “кейинроқ” эълон қилиниши айтди, шунингдек, Балх ва Самангон вилоятларининг айрим қисмлари энг кўп зарар кўрганини қўшимча қилди.

Мозори Шарифдаги расмийнинг таъкидлашича, “Кўк масжид” деб аталувчи Ҳазрати Али мақбараси ҳам зилзиладан жабр кўрган.

AFP агентлиги мухбирининг хабар беришича, мамлакатдаги камсонли сайёҳлик объектларидан бири бўлган XV асрга оид мазкур масжиднинг минораларидан бири вайрон бўлган.

Сўнгги зилзиладан икки кун олдин, 1 ноябр куни, Ҳиндикуш минтақасида 4,9 балли ер қимирлаши қайд этилган эди. Зилзилада ҳалок бўлганлар ва зарар кўрганлар ҳақидаги маълумотлар ҳали аниқ эмас.

Август ойида эса мамлакатда содир бўлган йирик зилзила натижасида 2 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган эди. Толибон ҳукумати халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган.

Халқаро ёрдамнинг асосий қисми 2021 йил август ойида Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг тўхтаб қолган эди.

Афғонистонда ҳалокатли зилзилалар тез-тез содир бўлиб туради. Мамлакатдаги ночор қурилиш ва инфратузилманинг заифлиги қутқарув ишларини кўпинча қийинлаштиради.

AFP агентлигининг Британия Геология хизмати сейсмологи Брайан Баптидан иқтибос келтиришича, 1900 йилдан бери Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисмида камида 7 баллдан юқори кучга эга бўлган 12 та зилзила қайд этилган.

Афғонистондаги Толибон ҳукумати ҳануз жаҳон ҳамжамиятида, асосан яккаланганича қолмоқда.

Россия — ҳозирча Толибонни расман Афғонистон ҳукумати сифатида тан олган ягона давлат ҳисобланади. Шу билан бирга, Толибон сўнгги бир йил ичида дунё билан муносабатларни тиклашга уриниб келади.

Ғарб давлатлари Толибон ҳукуматини инсон ҳуқуқларини, айниқса, аёллар ва қиз болалар ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айблаб келади. Улар эҳтимолий дипломатик муносабатларни фақат ҳуқуқий вазият яхшиланган тақдирдагина йўлга қўйишини таъкидлашган.

Толибон шунингдек, анча кучли Покистон билан қуролли чегара тўқнашувларига дуч келмоқда. Тинчлик музокаралари эса деярли тўхтаб қолган.

Покистон ва Афғонистон ўтган ойда чегарада 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлган тўқнашувлардан кейин тинчликни таъминлаш мақсадида Истанбулда музокаралар ўтказди.

Юзлаб одамлар яраланган бу зўравонлик 2021 йилда Толибон ҳокимиятни эгаллагандан буёнги энг оғир тўқнашув бўлган.

Толибон шунингдек, мамлакат ичидаги террорчилик гуруҳларига ва кенг тарқалган қашшоқликка қарши курашда ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда.

XS
SM
MD
LG