Туркий давлатлар ўртасида бу ёзув расман тасдиқланмаган бўлса-да, Анқарада ушбу алифбода китоб нашр этила бошлади.
Бир йил аввал тақдим этилган 34 ҳарфли лотин ёзуви асосидаги концепция эса ташкилотга аъзо бошқа мамлакатлар томонидан ҳали қабул қилинмаган.
Умумий алифбо ғояси қай даражада амалий ва қандай тўсиқларга дуч келиши мумкин?
"Бу илк уриниш эмас"
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғон Озарбайжондаги саммитда умумий туркий алифбо масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. 7 октябрда Габала шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда у Анқаранинг ушбу ташаббусда етакчи эканини таъкидлади.
Эрдоғоннинг сўзларига кўра, Туркия бу йўналишда амалий қадам ташлаб, атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг асари ва “Оғузнома”ни янги алифбода нашр этган. Шунингдек, у сунъий интеллект ютуқларидан орқада қолмаслик учун туркий тилларга мўлжалланган йирик тил моделини яратиш ишларини тезлаштириш зарурлигини билдирди.
Сентябрда Анқарада Айтматовнинг “Жамила” повести умумий турк алифбосида нашр этилгани маълум қилинганди.
Умумий алифбога ўтиш бўйича Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бошқа мамлакатлар ҳозирча расмий қарорларини жорий этишмаган.
Эрдоғон 2024 йилда Бишкекдаги саммитда ҳам ушбу масалага эътибор қаратган ва жараённи жадаллаштиришга чақирган эди. Тошкентлик таҳлилчи, таълим соҳасида эксперт Комил Жалилов буни сиёсий қадам деб баҳолайди:
"Бу ҳаракат Туркиянинг етакчилигида амалга оширилаётгани кўриняпти. Туркия ўз эгидасида туркий халқларни бирлаштириш ва ўз нуфузини намоён этишга интиляётгандай туюлади. Мен бу ерда фақатгина илмий мақсадни эмас, балки кўпроқ сиёсий манфаатларни кўряпман".
Бишкеклик тарихчи Чоробек Сааданбек эса бу ғоя керакли ва уни ишга ошириш зарур эканини таъкидламоқда:
“Бу илк уриниш эмас. 100 йил аввал Туркияда бошланган лотин алифбосига ўтиш жараёнида Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон каби туркий халқлар ҳам лотинга ўтган, кейин эса СССР даврида уларнинг алифбоси кириллга алмаштирилган. Дунёда йирик блоклар шаклланаётган бир пайтда туркий халқлар иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш учун умумий алифбога ўтиши - тўғри йўналиш бўлади”.
Алифбодаги сиёсат. Ўзбекистоннинг хатоси
Туркий тилларнинг аксарияти тарихи давомида турли ёзувлардан фойдаланган: араб алифбоси, кирилл алфавити ва лотин ёзуви.
Туркия 1928 йилда лотинга ўтди ва бу қадам миллий модернизациянинг рамзи сифатида қабул қилинди. 1990 йиллар бошида Совет Иттифоқидан мустақилликка эришган Озарбайжон ва Туркманистон ҳам шу йўлдан борди.
Ўзбекистонда 1993 йилда лотинга ўтиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса-да, ҳалигача у кирилл билан параллель қўлланилмоқда. Эксперт Жалиловнинг айтишича, бу иккиёқлама амалиёт ахборот, таълим ва матбуот соҳасида мураккабликлар туғдиряпти:
"Сўнгги бир неча йилдан бери ҳозирги лотин алифбосини ўзгартириш ва ислоҳ қилиш ҳақида турли фикрлар илгари сурилмоқда. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида махсус комиссия фаолият юритган ва ўз таклифларини ҳам тақдим этган. Аммо бу ташаббуслар гап даражасида қолиб кетди. Агар умумий туркий алифбо қабул қилинса, Ўзбекистонда, менимча, параллель равишда уч хил ёзув - кирилл, ҳозирги лотин ва туркий алифбо ишлатилади. Бу эса чалкашликка сабаб бўлиши мумкин".
Қозоғистонда 2017 йилда лотинга ўтиш ҳақида қарор қабул қилинган. Лекин амалиётда кириллдан тўлиқ чиқиш ҳали амалга ошмаган. Кузатувчилар Остонада сиёсий ирода борлигини, аммо ижтимоий кўникма ҳали шаклланмаганини таъкидлайдилар.
Қирғизистон эса Туркий давлатлар ташкилотига аъзо республикалар орасида кирилл алифбосида қолаётган ягона мамлакат. 2023 йилнинг баҳорида Давлат тили комиссиясининг ўша пайтдаги раиси Қанибек Осмоналиев “Агар депутатлар ва президент сиёсий қарор қабул қилса, лотин алифбосига ўтишга олимлар ва жамоатчилик тайёр”, деган фикрини билдирган. Шундан кейин президент Садир Жапаров давлат ходимларини тил сиёсати, аниқроғи, лотин алифбосига ўтиш ҳақида шошма-шошарлик билан айтилган сўзлардан тийилишга чақирган.
Ўша йили Қирғизистонда Давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилинган бўлиб, унда қирғиз тилининг мақоми ва аҳамиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Аммо бу қонун Россия томонидан, хусусан, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигида танқидга учраган. Унинг баёнотида гўёки Бишкекда "рус тилининг камситилаётгани" ҳақида фикрлар билдирилган эди.
Айни дамда, Россиядаги турк халқлари - татар, бошқирд, қарачай, хақас ва бошқаларда кириллдан воз кечиш имконияти йўқ, шунинг учун улар умумий алифбо ташаббусида фақат рамзий иштирок этмоқда.
“Агар масалага келажак нуқтаи назаридан қаралса, умумий турк алифбосига ўтиш тўғри йўналиш бўлади. Ёшлар кирилл ҳарфларини ўрганмай улғайишади. Лотин алифбосидан фойдаланадиган мамлакатлар кўп ва дунёдаги деярли барча терминлар айнан шу ёзувда. Бу жиҳатдан Россиянинг хавотири асосли. Аммо ҳозирда Россия ҳукуматининг Украинадаги уруш сабабли ечими осон бўлмаган мураккаб муаммога дуч келгани аниқ. Энди вазият аввалгидек бўлмайди. Туркий тилли давлатлар орасида Туркиянинг таъсири ортиб бормоқда, Озарбайжоннинг Кавказдаги нуфузи ҳам кучаймоқда. Шу сабабли, Россиянинг таъсири камайиб, кирилл алифбосидан фойдаланувчилар сони озаяди, деб ўйлайман” - дейди Чоробек Сааданбек.
Таълим эксперти Комил Жалилов эса алифбони сиёсий масалага айлантирмасликка чақириб, Ўзбекистон бир пайтлари шундай хатога йўл қўйганини билдирди:
"Алифбони ўзгартириш масаласи сиёсий эмас, илмий асосда ҳал қилиниши керак. Ўзбекистонда 1990 йилларда буни сиёсий масалага айлантириб, катта хатога йўл қўйдик ва шу пайтгача уни тўлиқ ўзгартиришга эришолмадик. Ўзбекистон дастлаб қабул қилган лотин алифбоси бугунги кунда таклиф этилаётган умумий туркий алифбога ўхшаш эди. Аммо Туркия билан муносабатлар совуқлашгач, тўнимизни тескари кийиб, “бу алифбо компьютерда ишламайди” деган баҳона билан ҳозирги вариантни қабул қилганмиз".
Товушларга ҳос мураккаб жиҳатлар
2024 йилнинг сентябрида Туркий давлатлар ташкилоти қошидаги умумий турк алифбосини ишлаб чиқиш бўйича комиссиянинг Бокудаги учинчи йиғилишида 34 ҳарфдан иборат умумий турк алифбоси лойиҳаси қабул қилинган.
Унинг якуний вариантини тайёрлаган олимлар бу алифбо туркий тилларнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиришини таъкидлашса-да, айрим экспертлар олдинда турли муаммолар чиқишини айтадилар. Умумий алифбо тўлиқ ягона эмас, балки яқинлаштирувчи стандарт бўлиб қолиши эҳтимол деган фикрлар бор.
"Энг аввало, муаммо тўғридан-тўғри тилнинг табиатига боғлиқ. Турк тиллари умумий илдизга эга бўлса-да, улар бир-биридан фарқли ва мустақил тиллар ҳисобланади. Масалан, ўзбек тили ривожланиш жараёнида адабий нормаларда сингармонизмни йўқотган, гарчи у баъзи шеваларда сақланиб қолган бўлса-да. Бу эса ҳар бир туркий тилнинг ўзига хос фонетик хусусиятлари ва товуш тизими борлигини англатади. Шу сабабли, менинг фикримча, барча туркий тилларни қамраб оладиган ягона алифбони яратиш - анча мураккаб вазифа. Чунки ҳар бир тилда фақат ўша тилга хос бўлган товушлар мавжуд ва уларни тўлиқ акс эттиришга ҳаракат қилинса, алифбо ортиқча мураккабликка олиб келиши мумкин" - дейди Комил Жалилов.
Форум